11:13 / 04.09.2024
45

Тошкент—Самарқанд ва Тошкент—Андижон пулли йўллари қурилиши санаси белгиланди

Тошкент—Самарқанд ва Тошкент—Андижон пулли йўллари қурилиши санаси белгиланди
Тошкент—Самарқанд пулли магистрал автомобиль йўлларини қуриш ишлари 2024 йилда, Тошкент—Андижон йўлини қуриш ишлари 2026 йилда бошланади. Бу ҳақда “Ўзбекистон Республикасида 2024—2030 йилларда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорида белгиланди.

Қарорга кўра, 2024—2026 йилларда устувор давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар, 2024—2030 йилларда давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириладиган лойиҳалар дастури тасдиқланди. Бунда, хусусан, йирик шаҳарлар ўртасида қулай ва тезкор автомобиль қатнови учун қўшимча шароитлар яратиш мақсадида камида 1 000 километр замонавий пулли магистрал автомобиль йўлларини қуриш ва модернизация қилиш лозимлиги белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги илк пулли йўлларнинг қурилиши ҳақида 2018 йилда хабар берилганди. Ўшанда бу каби йўлларнинг биринчисини қуриш билан Германия компанияси шуғулланиши мумкинлиги айтилганди. 2019 йилда Ўзбекистондаги илк пулли трассани қуриш учун жой танланди.

2022 йил октябрда Тошкент—Андижон ва Тошкент—Самарқанд пулли автомобиль йўллари 2026 йилгача қуриб битказилиши айтилган эди. Август ойида транспорт вазири ўринбосари Илҳом Абдугафаров Жаҳон банки ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки лойиҳа координаторлари пулли йўлларни қуриш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш масаласини муҳокама қилганди.

2023 йилнинг декабрида Тошкент—Самарқанд пулли автомобиль йўлини қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳанинг дастлабки техник-иқтисодий ҳужжатини ишлаб чиқиш учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан 350 минг доллар миқдорида грант маблағлари ажратилган.

Лойиҳа халқаро стандартларга жавоб берадиган 305 километр узунликдаги автомобиль йўли 6 тасмали автомагистрал талаблари асосида қурилади. Шунингдек, ҳамма туташма ва иншоотлар устидан янги кўприк ва йўл ўтказгичлар қуриш ҳамда интеллектуал транспорт тизимини ўрнатиш кўзда тутилган.

Тошкент—Андижон пулли йўли Тошкент ва бошқа ҳудудларни Фарғона водийси билан боғлашга ёрдам беради. Лойиҳанинг умумий узунлиги 314 километр бўлиб, унинг қиймати 4,65 миллиард долларни ташкил қилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкент—Самарқанд ва Тошкент—Андижон пулли йўллари қурилиши санаси белгиланди