07:34 / 17.09.2024
60

Германия канцлери: “Ўзбекистон биз учун жуда муҳим ҳамкор”

Германия канцлери: “Ўзбекистон биз учун жуда муҳим ҳамкор”
Ўзбекистон биз учун жуда муҳим ҳамкор, жумладан, яқин келажак учун ҳам”, деди Германия канцлери Олаф Шольц. Сиёсатчи 15 сентябрь куни Самарқанддаги матбуот анжуманида тегишли баёнот берди. Ҳукумат порталида канцлер нутқи эълон қилинди.

Олаф Шольц “Миграция ва мобиллик соҳасида ҳар томонлама шериклик тўғрисида” ҳукуматлараро битим имзоланганига тўхталиб ўтди.

Миграция тўғрисидаги битим Германия ҳукумати дунёнинг кўплаб мамлакатлари билан босқичма-босқич тузмоқчи бўлган келишувларга мос келади”, деди канцлер.

Битим имзоланишидан олдин Шольц Самарқанддаги машҳур Регистон майдонига ташриф буюриб, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан тор ва делегациялар иштирокида учрашув ўтказганди. Иқтисодий муносабатларни ривожлантиришдан ташқари, муҳокамалар Россиянинг урушини ҳам қамраб олди, деди канцлер.

Миграция келишуви: Канцлер Шольцнинг тушунтиришича, миграция бўйича келишув “Германияга зарур бўлган юқори малакали ишчиларнинг келишини” таъминлайди. Германияда қола олмайдиганлар ортга қайтиши учун нобюрократик тартиб-қоидаларни назарда тутади.

Икки томонлама муносабатларни кенгайтириш: Президент Мирзиёев билан суҳбатда икки томонлама муносабатларни чуқурлаштириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, Германия компаниялари ва Ўзбекистон бизнеслари қаерда бир-бирига мос келиши кўриб чиқилди. Ўзбекистон табиий ресурсларнинг катта захираларига эга бўлган Марказий Осиёдаги иккинчи йирик иқтисодиётдир.

Бошқа мавзулар: Муҳокамаларда республиканинг Афғонистонга қўшни давлат сифатидаги географик жойлашуви, Ўзбекистоннинг демократия йўлидаги тараққиёти ва Россиянинг уруши каби масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Бугун узоқ тарихга эга, анъанавий Ипак йўлида жойлашган Самарқанд шаҳрида мен Германия ва Ўзбекистон, шунингдек, бутун Марказий Осиё минтақаси ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантириш ҳақида сўзлаш имконига эга бўлдим. Ўзбекистон биз учун ҳозир ҳам, яқин келажак учун ҳам жуда муҳим ҳамкор”, деди Германия канцлери.

У икки томонлама муносабатлари кенг миқёсда, шу жумладан, иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш муҳокама қилинганини айтди.

Шунингдек, минтақада бизни ташвишлантираётган кўплаб масалаларни муҳокама қилдик. Афғонистон Ўзбекистоннинг қўшниси бўлгани сабабли, бу масала бизни қаттиқ ўйлантираётганини тасаввур қилишингиз мумкин. Россиянинг Украинага қарши агрессив уруши ҳам суҳбатимиз мавзусига айланди. Албатта, мамлакат ривожланиши ҳақида ҳам батафсил фикр алмашиб олдик. Бу ерда демократлаштириш йўналишида давом эттирилиши лозим бўлган ўзгаришлар мавжуд ва бу ҳам биргаликдаги муҳокамаларимизнинг асосий қисмини ташкил этди”, деди Олаф Шольц.

Канцлер миграция борасидаги битим ва унинг афғон фуқароларини Ўзбекистон орқали ватанига депортация қилишга таъсири ҳақидаги саволга жавоб берди.

"Аввало, бу Ўзбекистон билан тузилган келишув ва у айнан шундай бўлиши керак ҳамда у бир-бирига боғлиқ икки жиҳатни ўзида мужассам этади. Бир томондан, бизга зарур бўлган истеъдодли кадрлар, ишчилар, мутахассислар ва муҳандисларни Германияга жалб қилиш имкониятини яраца, бошқа томондан, манфаатларимизга мос келадиган ҳолларда ватанга қайтиш жараёнини осонлаштиради.

Умумий вазиятга назар ташласак, бу келишув катта ўзгаришларга олиб келмаслиги мумкин, бироқ у биз кўплаб бошқа давлатлар билан босқичма-босқич келишиб олмоқчи бўлган намунага мос келади. Бундан ташқари, албатта, турли соҳалардаги ҳамкорлик бўйича махфий музокаралар ҳам олиб борилмоқда
", деди у.

Олаф Шольц санкциялар масаласига ҳам тўхталди. У кўплаб давлатлар ҳукуматлари билан Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтиб бўлмаслигини муҳокама қилаётганини таъкидлади. Шунингдек, Германия қуруқликдаги чегара назоратини кучайтиргани сабабини айтди.

"Бу зарурий чоралардан биридир. Ҳамма тушуниб турибдики, Германияга ноқонуний йўл билан келадиган одамлар сони жуда юқори ва шу сабабли Германия ҳукумати ноқонуний миграцияни самарали бошқариш орқали бу вазиятни назоратга олишни таъминлашга интилиши табиийдир. Бу янги тамойил Германиянинг барча чегараларида шундай назоратни амалга оширишни ҳам ўз ичига олади", деди у.

Марказий Осиё билан ҳамкорлик

Канцлердан “Россия ва Хитойнинг бевосита таъсир доирасида” деб қараладиган Ўзбекистон ва Қозоғистон Германия билан ҳамкорликда нималарга эришиши сўралди.

"Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик масаласига келсак: Биз ушбу мамлакатларни қўллаб-қувватлашни ва сиёсий ҳамда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришни давом эттиришимизни алоҳида таъкидлаш жуда муҳим. Бу улар учун ижобий хабар, чунки бу минтақада ўз мустақиллиги ва суверенитети йўлида ишлашни осонлаштиради. Бироқ, бу фақат яхши ҳамкорлар мавжуд бўлгандагина амалга ошиши мумкин. Германия улар учун ана шундай муҳим ҳамкорлардан биридир", дея хулоса қилди канцлер.

Канцлернинг Марказий Осиёга сафари: Олаф Шольц 15-17 сентябрь кунлари уч кун давомида Марказий Осиёда бўлади: аввал Ўзбекистон, кейин Қозоғистон. Бу унинг ҳукумат раҳбари сифатида минтақага илк сафаридир.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Германия канцлери: “Ўзбекистон биз учун жуда муҳим ҳамкор”