17:04 / 20.10.2024
17

Аи-80 бензинини сотмасдан сақлаб турган заправкаларнинг биржа савдоларида иштироки тўхтатилди

Аи-80 бензинини сотмасдан сақлаб турган заправкаларнинг биржа савдоларида иштироки тўхтатилди
Фото: “Ўзэнергоинспекция”
“Ўзэнергоинспекция” Аи-80 бензинини сотмасдан сақлаб турган заправкалар биржа савдоларида иштирок этиши вақтинча тўхтатилганини эълон қилди.

Инспекция томонидан нефть маҳсулотларини етказиб бериш ва уларни сотувга чиқарилиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида бир қатор АЁҚШларда қоидабузарликлар аниқланган.

Хусусан, Бухоро тумани “Шергирон” МФЙда жойлашган “Э.Н.М.” МЧЖга қарашли АЁҚШ ўрганилганда, 2024 йилнинг октябрь ойи бошида фаолияти тўхтатилганига қарамай, 10, 16, 18 октябрь кунлари давомида жами 11,3 тонна Аи-80 автобензини биржа орқали харид қилиниб, шохобчага туширилмаган ва харидорларга сотилмагани аниқланган.

Бу каби ҳолат Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида жойлашган “Д.О.П.” МЧЖга қарашли шохобчада ҳам кузатилган. 19 931 литр миқдоридаги Аи-80 бензини асоссиз сақлаб турилгани ҳамда 20 та 10 литрлик ностандарт елим идишларда жами 200 литр бензин шохобча ҳудудида сақланаётгани маълум бўлган.

Шунингдек, Хоразм вилояти Боғот туманидаги 5 та АЁҚШда, яъни “С.О.757” МЧЖ, “О.Х.” МЧЖ , “Б.О.Х.” МЧЖлар ҳамда “С.” ва “Ш.” хусусий корхоналарга қарашли АЁҚШларда Аи-80 автобензин нархи асоссиз оширилган ҳолда сотилаётгани аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан қоидабузарликка йўл қўйган ушбу АЁҚШларда камчиликлар бартараф этилгунга қадар биржа савдоларида иштирок этиши вақтинча тўхтатилди.

Биржа савдоларида Аи-80 бензиннинг тоннаси 78,1 минг сўмга қимматлаб, 9 миллион 726 минг сўмга чиққан. Бир йил аввал Аи-80 бензиннинг тоннаси ўртача 7 миллион 228 минг сўмдан сотилган. Яъни, бир йил давомида мазкур маркадаги бензиннинг нархи 35 фоизга қимматлашган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Аи-80 бензинини сотмасдан сақлаб турган заправкаларнинг биржа савдоларида иштироки тўхтатилди