13:05 / 13.11.2024
113

Самарқандда мактаб ўқувчиси бир гуруҳ шахслар томонидан ўғирлаб кетилиб, зўрланди

Самарқандда мактаб ўқувчиси бир гуруҳ шахслар томонидан ўғирлаб кетилиб, зўрланди
Самарқанд вилоятида 8-синф ўқувчиси бўлган қиз бир гуруҳ шахслар томонидан ўғирлаб кетилган ва зўрланган. Бу ҳақда “Сукут сақлама” (Nemolchi.uz) лойиҳаси хабар бермоқда.

Қизнинг яқинларига кўра, у 2024 йил 23 октябр куни ўғирлаб кетилган. Орадан маълум вақт ўтгач, қариндошлари қиз йўқолгани ҳақида ариза ёзишган. Жабрланувчи орадан 14 кун ўтиб, 6 ноябр куни баданида зўравонлик излари билан топилган.

Қизнинг айтишича, уни бир неча кун калтаклаб, спиртли ичимликлар ва ноқонуний моддалар қабул қилишга мажбурлаб, иродасига қарши ушлаб туришган ва зўрлашган. Яқинлари уни шифокорга олиб боришган.

Болалар омбудсмани бу ишни ўз ваколати доирасида кузатиб бораётганини маълум қилди. Маълум қилинишича, Қўшработ туманида рўй берган воқеа бўйича “жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш” моддаси билан жиноят иши қўзғатилган, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Вояга етмаган қизга нисбатан суд-тиббий ва биологик экспертизалари тайинланган.

Айни пайтда, қизнинг яқинлари “Сукут сақлама” лойиҳаси билан суҳбатда иш бир-икки кун аввал очилгани, зўрлаганлар орасида прокуратурада ишловчи шахс ҳам бўлиши мумкинлиги, лекин у эски сана билан ишдан бўшатилганини айтишган. Уларнинг фикрича, ишнинг кеч очилгани ва гумонланувчилар ҳали ҳам озодликда юрганига сабаб шу (собиқ) прокуратура ходими бўлиши мумкин.

“Сукут сақлама” лойиҳаси тегишли идоралар бу ишга “қанчалик беписандлик билан” ёндашганидан хавотир билдирган, бу хавотирга жабрланувчининг яқинлари билдирган қуйидаги даъволарни асос сифатида келтирган:
  • 7 ноябр куни (қиз топилганнинг эртасига) терговчи уни гумонланувчилар билан битта машинада, лекин ота-онасисиз кўрикдан ўтказиш учун олиб кетган. Қиз эса эксперт эркак бўлгани учун экспертизадан бош тортган. Шунинг учун экспертиза 10 ноябр куни (яна қариндошларсиз) ўтказилган. Аммо қонида алкогол ёки зарарли моддалар бор-йўқлигини текшириш учун ундан қон олинмаган.
  • Қизнинг қариндошлари прокуратурага боришганида, ташқарида уларни психиатрик бригада кутиб турган, уларни участка нозири чақирган бўлган. Ваҳоланки, қизга психиатрик эмас, психологик ёрдам керак бўлган.
  • Жабрланувчи қиз билан мактаб психологи ҳам ишлаши мумкин эди, лекин мактабда унга бундай ёрдам тақдим этилмаган. Лекин қиз мактабга бормагани учун унинг ота-онаси жаримага тортилган. Кўп болали оилага (5 нафар фарзанди бор) 1,2 млн сўм миқдорда жарима солинган. Айни дамда қиз мактабга боришдан қўрқиб турибди, негаки бўлган воқеадан ҳамма хабардор.
  • Иш одам ўғирлаш, унинг эркига қарши зўрлик ишлатиб уни ушлаб туриш, қийноққа солиш моддаларисиз, фақат 119-модда билан очилган.
  • Оилани ҳеч ким “Инсон” ижтимоий ҳимоя марказига йўналтирмаган.

Nemolchi.uz. қизга аризасини қайтариб олиши учун ҳар турли босим ўтказилаётганини ҳам ёзган.

Манбада ёзилишича, қизни ўғирлаганлардан бири Туркияга қочиб кетган бўлиши мумкин.

Kun.uz ҳодиса ҳақида маълумот олиш учун Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Жаҳонгир Саъдуллаевга мурожаат қилди. Бироқ у саволларни жавобсиз қолдирди.

Қизни зўрлаганлар орасида прокуратура ходими ҳам бўлиши мумкинлиги, у эски сана билан ишдан бўшатилгани ҳақидаги даъво юзасидан Kun.uz Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновдан изоҳ сўради, бироқ у жиноят иши бўйича терговни Иштихон тумани ИИБ олиб бораётганини айтиш билан чекланди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Самарқандда мактаб ўқувчиси бир гуруҳ шахслар томонидан ўғирлаб кетилиб, зўрланди