12:03 / 27.11.2024
11

Бир гуруҳ фуқаролар хориждаги халқаро террорчилик ташкилоти сафига қўшилмоқчи бўлгани аниқланди

Бир гуруҳ фуқаролар хориждаги халқаро террорчилик ташкилоти сафига қўшилмоқчи бўлгани аниқланди
Фото: ИИВ матбуот хизмати
Ўзбекистонда 17 киши хориждаги халқаро террорчилик ташкилоти сафига қўшилишни режалаштиргани аниқланди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон ИИВ-ДХХ ходимлари томонидан ҳамкорликда олиб борилган тезкор суриштирувлар давомида, 2007 йилда Тошкент вилоятида туғилган К.I. интернет тармоғида экстремистик ғоялар таъсирига тушиши натижасида 16 нафар яқин танишлари билан ноқонуний “жамоат” бўлиб йиғилиб, келгусида хорижда фаолият олиб бораётган “Ислом давлати” халқаро террорчилик ташкилотлари сафига қўшилишни режалаштиргани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) билан жиноят иши қўзғатилди.

Ушбу моддага кўра, оммавий тартибсизликларга ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга омма олдида даъват қилиш БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача (37,5 млн сўмдан 112,5 млн сўмгача) жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса БҲМнинг 300 бараваридан 400 бараваригача (112,5 млн сўмдан 150 млн сўмгача) жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Лоқайдлик ва ишонувчанлик оқибатида интернет тармоғи орқали ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмаслик учун фуқароларимизни доимо огоҳ бўлишига чақирамиз. Ўзингизнинг тақдирингизга бефарқ бўлманг”, дейилади ИИВ хабарида.

Шу йилнинг ноябрь ойида Қўқонда “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти тарафдорлари бўлган шахслар 6 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этилди. ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида Қўқон шаҳрида фаолият олиб борган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти тарафдорларидан иборат жамоат фош этилган.

Жамоатнинг 11 нафар аъзоси Қўқон шаҳри ҳамда Ўзбекистон туманида яшовчи, 1980—2000 йиллар оралиғида туғилган фуқаролар бўлиб, улар орасида фармацевтика соҳасида фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамиятда менежер, газ қуйиш шохобчасида бош механик бўлиб ишлаган, шунингдек, хусусий тадбиркорлик, ошпазлик, устачилик, киракашлик билан шуғулланган шахслар бор.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бир гуруҳ фуқаролар хориждаги халқаро террорчилик ташкилоти сафига қўшилмоқчи бўлгани аниқланди