22:31 / 16.12.2024
9

Москвага ўқишга бориб, урушда қатнашган талабага ҳукм ўқилди

Москвага ўқишга бориб, урушда қатнашган талабага ҳукм ўқилди
Фото: Артем Устюжанин
Қўштепа туманида Россия армиясига ёлланиб, Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда қатнашган йигит жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, 2002 йил Қўштепа туманида туғилган А.Х 2022 йил 30 ноябр куни ўқиш мақсадида Россия Федерациясининг Москва шаҳрига борган. Хусусий олий таълим муассасаларидан бирида таҳсил олиб юрган А.Х. моддий манфаатдорлик эвазига Россия армиясига ёлланган. У 2023 йилнинг 23 август куни Украинага қарши жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун ойига 350-400 минг рубл ҳақ эвазига Россия Қуролли кучлари билан бир йил муддатга шартнома тузган. Сўнгра А.Х. 2023 йил 13 октябр кунидан 2024 йил феврал ойига қадар 4 ой давомида Луҳанск ва Донецскдаги жанговар ҳаракатларда иштирок этган.

А.Х. судда айбига тўлиқ қирор бўлган.

2021 йилнинг сентябр ойи охирларида Москва шаҳридаги хусусий олий таълим муассасасига ўқишга кирдим. Ўқиш давомида мавсумий ишлар билан ҳам шуғулланиб келдим. 2023 йил тахминан ёз ойларида полиция яшаш ҳужжатларим йўқлиги сабабли ушлаб, Москва шаҳридаги полиция бошқармасига олиб борди. У ерда ҳужжатларим йўқлигини, Россиядан депорт қилинишимни, жиноят иши қўзғатилишини ёки армия сафига қўшилсам Россия фуқаролиги берилишини таклиф қилишди. Ўз ихтиёрим билан рози бўлдим.

Полиция ходимлари менга чақирув қоғози беришди. 2023 йил 17 август куни чақирув қоғози билан Москва шаҳридаги “Яблочко” чақирув пунктига бориб, Россия Қуролли кучлари таркибида Украинага қарши жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун бир йиллик шартнома туздим. Чақирув пунктида кўрикдан ўтиб, Москва вилоятидаги вақтинчалик сақлаш лагерига юборилдим. Шартнома бўйича ойлик иш ҳақим 195 000 рубл атрофида бўлган.

Кейин Самара вилояти Тольятти шаҳридаги ҳарбий қисмга юборилдим. Ҳарбий қисмда менга Россия Қуролли кучлари ҳарбий гувоҳномаси берилди. У ерда бир ярим ой ҳарбий тайёргарликдан ўтганимдан сўнг, бошқа шахслар билан бирга, 2023 йил 10 октябр куни Россия-Украина чегараси яқинидаги лагерга жойлаштирилдик. 2023 йил 13 октябр куни мен ва бошқа шахсларни Луҳанск шаҳридаги жанговар ҳаракатларда иштирок этиш учун олиб боришди. У ерда тўрт ой давомида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиб, 2024 йил 10 феврал куни Донецк вилоятига бордик. Ҳарбий ҳаракатларда олган тан жароҳатлари сабабли 2024 йилнинг 26 феврал кунига қадар Донецк шаҳридаги госпиталда даволандим
”, дея кўрсатма берган судланувчи.

Шундан сўнг А.Х. Тольятти шаҳридаги ҳарбий қисмга борган. Ҳарбий ҳаракатларда қатнашганлиги учун берилган маблағга машина ва Тольятти шаҳридан ипотека кредити асосида квартира сотиб олган. Шунингдек, унга медал ва Россия фуқаролиги берилган.

А.Х. 2024 йилнинг 14 сентябр куни машинани номига ўтказиб олиш мақсадида ҳарбий қисм ҳудудидан яширинча чиққан. Шунда Андрей исмли командири қўнғироқ қилиб, уни ҳақоратлаган. У эса шартномани бекор қилишини айтиб, машинасида Ўзбекистонга қайтган.

Йигит онкологик касалликка чалинган онасини даволатиш ва операция қилдириш учун пул зарур бўлганлиги сабабли ноиложликдан шу ишга қўл урганини, қилмишидан пушаймонлигини билдирган ҳамда суддан ўзига енгиллик беришни сўраган.

Суд ҳукми билан А.Х. Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисмида (ёлланиш) назарда тутилган жиноятни содир этишда айбли деб топилган. Унга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан тайинланган жазо шартли ҳисобланиб, 3 йил синов муддати белгиланган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Москвага ўқишга бориб, урушда қатнашган талабага ҳукм ўқилди