19:54 / 11.01.2025
28

Олтин ковлашга чиққан самарқандлик икки фуқаро вафот этди

Олтин ковлашга чиққан самарқандлик икки фуқаро вафот этди
2025 йил 9 январдан 10 январга ўтар кечаси Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги «Найман чўққи» ҳудудида олтин рудасини қазиб олиш учун келган йигитлар билан фожиа юз берди.

Kun.uz манбасининг хабар беришича, фуқаролар фермер хўжалигига қарашли ер майдонидан ноқонуний равишда олтин рудасини қазиб олиш билан шуғулланган. Улардан 2 нафар йигит қўлда ковланган чуқурда вафот этган. Улар чуқурда тўпланган чиқинди газидан заҳарланган бўлиши мумкин. Вафот этганлардан бири 30 ёшда, яна бир 20 ёшда бўлган.

Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ҳолат юзасидан маълумот берди.

Маълум бўлишича, 9 январ куни соат 20:00 ларда 5 нафар фуқаро «Қорақўтон» тоғ конига қарашли, маҳаллий тил билан «Найман чўққи» деб номланган шахтага тушган. Улар генератор ва бошқа ускуналар ёрдамида таркибида олтин моддаси бўлган тошларни ковлаб олаётган вақтида генератордан чиққан ис газидан заҳарланган.

«Оқибатда, фуқаро Ж.С. ва Ў.Э. шахта ичи пастки қисмига йиқилиб, шахта девори тошларига урилиб, воқеа жойида вафот этган. Шунингдек, яна 3 нафар фуқаро ис газидан заҳарланиш билан 10 январ куни соат 03:30 ларда туман марказий шифохонасига келтирилган», — дейилади маълумотномада.

Ҳозирда 2 нафар марҳумнинг ўлими юзасидан судга оид тиббиёт экспертиза тайинланган. Ҳолат юзасидан Пахтачи туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият