23:52 / 22.01.2025
8

Боғчада кобра билан томоша кўрсатилишига алоқадор шахсларга чора кўрилди

Боғчада кобра билан томоша кўрсатилишига алоқадор шахсларга чора кўрилди
Фото: Видеодан кадр
Боғчада болаларга кобра билан томоша кўрсатилгани тўғрисида хабар берилганди. Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг маълум қилишича, ҳолат Пискент туманидаги 7-сонли боғчада содир бўлган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода мактабгача таълим муассасасида тарбияланувчиларга ҳозирда ноёб, Қизил китобга киритилган Ўрта Осиё кобралари билан томоша уюштирилгани ва бунда боғча маъмурияти томонидан болаларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсизлик чоралари таъминланмагани акс этган.

Томошалар Олмалиқ шаҳар «Кумуш диёр» хусусий корхонаси тасарруфидаги «Тошкент» ҳаваскорлик цирк жамоаси ходими Ҳ.А. томонидан уюштирилган. Мазкур шахс ўқув йили аввалида туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига таълим тизимидаги муассасаларга цирк томошаларини намойиш қилиш бўйича хат ва дастур билан мурожаат қилган. Масъуллар томонидан ушбу томошаларга рухсат берилган.

Намойишлар дастурида ҳайвонлар билан саҳна кўринишлари кўрсатилмаган. Ҳ.А. 16 январ куни тумандаги 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида болаларнинг ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган жонзотлар билан ўйин кўрсатган.

«Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишлари олиб борилди. Ишчи гуруҳ хулосаси билан ҳолатга бевосита масъул бўлган, эътиборсизлик қилган шахсларга нисбатан чора кўрилди», — дейилади муносабатда.

Таъкидланишича, ички ишлар органлари томонидан ҳам мазкур ҳолат тўлиқ назоратга олинган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият