06:25 / 23.01.2025
332

Матёқуб Матчонов танишини ҳақорат қилган учун жавобгарликка тортилди

Матёқуб Матчонов танишини ҳақорат қилган учун жавобгарликка тортилди
Фото: Instagram
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Матёқуб Матчонов Кинематография агентлиги биносида фуқарони ҳақорат қилгани учун жаримага тортилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати маълум қилди.

Суд ҳужжатларга кўра, Матёқуб Матчонов 2025 йил 15 январ куни Кинематография агентлиги биносида бўла туриб, Э.Йўлдошевни ўтказилаётган тадбирга халақит бериши важи билан бинога киритмаслиги юзасидан келишмовчилик юз берган. Натижада актёр уни турли сўзлар билан ҳақорат қилиб, шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситган.

Матчоновнинг маълум қилишича, у Йўлдошев билан анча йиллардан буён таниш ва унинг аризасига асосан Кинематография агентлигида текшириш ишлари олиб борилмоқда. Йўлдошев ўз аризасида Матчоновни Бадиий кенгаш аъзоси сифатида давлат буюртмаси асосида тасвирга олинган киноларда рол ижро этгани ва бу манфаатлар тўқнашуви эканини кўрсатиб ўтган.

15 январ куни Э.Йўлдошев Кинематография агентлигига келганида, қоровуллар уни ичкарига киритмаган ва ўртада тортишув юз берган. Буни кўрган Матёқуб Матчонов у билан гаплашиб олмоқчи бўлган, Йўлдошевни анча йиллардан бери танигани учун унга гапирган, кейинроқ эса уни ҳақорат қилган.

Суд мажлисида сўралган жабрланувчи Э.Йўлдошев Кинематография агентлигининг молиявий фаолиятидаги камчиликларни ўрганиш мақсадида Бош прокуратурага ариза билан мурожаат қилгани, ўрганиш шаффоф бўлиши учун у ҳам агентликка келгани, лекин бинога киритилмаганини айтган.

Жабрланувчи Матчонов билан суҳбатини телефон аппаратида диктофонга ёзиб олган ва уни ИИБга берган.

22 январ куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди қарори билан Матёқуб Матчонов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасида (ҳақорат қилиш) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган ва унга БҲМнинг уч баравари (1 миллион 125 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил март ойида Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида «Конституция ўзимизники» тарғибот тадбирида сўзга чиққан Матёқуб Матчонов қамоқда ўтказган кунларини ёдга олиб, у ердаги кунларини душманига ҳам раво кўрмаслигини айтган эди. 2016 йилда Матчонов раҳбарлик қиладиган тижорат ташкилотига солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, савдо қоидаларини бузиш каби айбловлар қўйилган ва у қамалган эди. Актёр ўша йилнинг октябр ойида амнистия билан озодликка чиқарилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият