20:35 / 23.01.2025
337

"Даҳшатли жиноят"га қўл урган ўғил 18 йилга қамалди...

"Даҳшатли жиноят"га қўл урган ўғил 18 йилга қамалди...
«Бундан илгари ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг турли моддалари билан икки маротаба қамоқ жазосини ўтаб чиққан, 1991 йилда Ғиждувон туманида туғилган Турсун Давлатов (исми шарифи ўзгартирилмаган) онаси Ширин Давлатовани қасддан ўлдирганликда айбланиб, 18 йилу 1 ойга озодликдан маҳрум этилади».

Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон тумани суди судьяси Фарҳод Эргашев суд ҳукми қарорини ўқиб берди.

Ҳолатга кўра, Ғиждувон туманидаги Қаллиқ қишлоғида яшовчи ва доимий спиртли ичимлик истеъмол қилиб юрадиган фуқаро Турсун Давлатов ўзининг феъл-атвори, юриш-туриши билан маҳалла ўртасида «гап-сўз» бўлиб юрган. Маҳалла фаоллари, ака-опаларию, бошқа яқинларининг огоҳлантиришларига қарамай, ўз билганидан қолмай яшаб юраверган. Биринчи турмушидан ажралиб, иккинчи бор уйланиб ҳам «тийилмаган» айбдор кўп йиллардан бери ички ишлар назоратида бўлган. Фақат бу гал ўзининг бешафқат хатти-ҳаракатини ўз хонадонида содир этган.

Дарвозадан кира солиб, кимларнидир ҳақоратлаган ва сўкинган фарзандининг маст-аласт аҳволда эканини сезган онаизор унга танбеҳ берган.

Маълумот ўрнида: Фуқаро Ширин Давлатова қон босимининг ошиши оқибатида 7 йилдан буён ҳар икки кўзи ҳам хасталаниб, кўрмай қолган. Унга кўзи ожизлик, яъни кўрлик ташхиси қўйилган. 1-гуруҳ ногирони бўлган она иккинчи келинидан норозилигини, биринчи келини меҳрибон экани ва у билан ноҳақ ажрашганини доимий айтиб, ўғлига норозилигини билдириб келган.

- Эрталабдан буён туз тотганим йўқ, болам, бир бурда нонга ва бир пиёла сувга зор қилиб қўйдинг! - дея нолиган она.

- Нима, сизга қарамай қўйдимми, жонга тегдингиз! - жаҳлланиб, бақирган ўғил айвонда турган темир дастали болта билан ожиз аҳволдаги онасининг бўйин соҳасига икки маротаба урган.

Бир пасда қимирламасдан қолган онасини ўлдириб қўйгани учун нима қилишини билмасдан, барча жиҳозларни оёқ-қўллари ва қўлидаги болта билан уриб синдириб ташлаган... ва кўчага югуриб чиқиб, додлаб, бақириб, онасини ўлдириб қўйганини айтган.

Суд дастлабки тергов органи томонидан судланувчи Турсун Давлатовнинг ҳаракатларининг юридик квалификациясини муҳокама қилиб, Жиноят кодексининг 97-моддаси, 2-қисмининг «в» банди яъни - «айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни қасддан ўлдириш»да ифодаланган жиноятни тўғри квалификация қилинган, деб ҳисоблаган.

Айбдор 18 йилдан ортиқ жазо муддатини қаттиқ тартибли колонияларда ўтайдиган бўлди.

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият