12:48 / 10.02.2025
450

Супургилар орасига яширилган гиёҳванд модда фош қилинди (фото)

Супургилар орасига яширилган гиёҳванд модда фош қилинди (фото)
Сурхондарёда супургилар дастагига яширилган 612 кило гашиш гиёҳвандлик воситасини олиб киришга уриниш Божхона қўмитаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари билан ҳамкорликда фош қилинди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Божхона қўмитаси матбуот хизмати
Маълум қилинишича, 2025 йил 9 февраль куни Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг “Айритом” чегара божхона пости орқали республикамиз ҳудудидан транзит тарзида ўтиш учун кириб келган юк автотранспорт воситасини белгиланган технологик схема асосида божхона ва чегара назоратидан ўтказиш жараёнида мазкур автотранспорт воситасига ортилган 13,5 тонна оғирликдаги супурги ходимларнинг диққатини тортди.

Фото: Божхона қўмитаси матбуот хизмати

Фото: Божхона қўмитаси матбуот хизмати

Фото: Божхона қўмитаси матбуот хизмати
Шундан сўнг мазкур автотранспорт воситаси “Айритом” чегара божхона постига туташ ҳудуддаги “Термиз” ташқи иқтисодий фоалият божхона пости тасарруфидаги божхона омборига келтирилиб, ундаги товарлар тўлиқ божхона кўригидан ўтказилганда 180 та қопда 22 минг 500 дона хўжалик супургилари ортилгани аниқланган.

Мазкур супургиларни синчиклаб кўздан кечириш давомида, 2986 дона супургиларнинг дастаклари орасига айнан супурги рангига мос равишда — сариқ рангдаги скотч билан ўралган ўртача 25 сантиметр узунликдаги полиетилен ўрамлар моҳирлик билан яширилгани фош бўлди.

Фото: Божхона қўмитаси матбуот хизмати
Ушбу ўрамлар белгиланган тартибда ва холислар иштирокида очиб кўрилганида, уларнинг ичига ўртача 200 гр оғирликдаги, ўткир ҳидли, тўқ жигаррангли гиёҳвандлик воситаси экани маълум бўлди.

Мазкур ҳолатда 2986 дона супурги дастакларидан ажратиб олинган ўрамлардаги модда дастлабки тезкор анализ натижаларига кўра “гашиш” гиёҳвандлик воситаси бўлиб, уларнинг умумий оғирлиги 612 килограммни ташкил қилмоқда.

Фото: Божхона қўмитаси матбуот хизмати
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур гиёҳвандлик воситасининг қора бозорлардаги нархи тахминан 16,5 млн доллардан ошади.

Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият