![Судлар энди никоҳдан ажралиш ишларида муҳлат тайинламаслиги мумкин](/uploads/posts/2025-02/3a58a96c12_zina-zaman-asimina-ugramis-1705512072124.webp)
Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасида бўлиб ўтган мажлисида «Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокамаси бўлиб ўтди.
Қайд этилишича, қонун билан Оила кодекси, Уй-жой кодекси, шунингдек, «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Қонунда оилавий (маиший) зўравонликдан жабр кўрганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни яна-да кучайтириш ҳамда бундай ҳолатлар такрорланишининг олдини олишга қаратилган нормалар назарда тутилмоқда.
Жумладан, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилаётганда суд оилавий (маиший) зўравонлик жиноятидан жабрланган шахснинг талабига кўра ярашиш учун муҳлат тайинламаслиги белгиланмоқда.
Никоҳдан ажратиш масаласи ўз вақтида ҳал қилинмаслиги айрим ҳолларда аёлларнинг ўз жонига қасд қилиши, бевақт ўлими каби аянчли оқибатларни келтириб чиқармоқда.
Таъкидланишича, бу норманинг амалиётга жорий этилиши мунтазам тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари бўлган низоли оилаларда оғир жиноятлар содир бўлишининг олдини олади.
Бундан ташқари, Қонун билан Уй-жой кодексига қўшимча киритилиб, турар жойдан фойдаланиш ҳақидаги низолар кўриб чиқилаётганда суд тарафларнинг келишувига асосан мулкдорнинг ташаббусига кўра турар жойга мажбурий тартибда киритилаётган тарафни мулкдорга тегишли мутаносиб шароитларга эга бўлган бошқа турар жойга киритиш ёки ижарага олинган турар жой учун ижара ҳақини тўлаш мажбуриятини мулкдорнинг зиммасига юклатиши мумкинлиги назарда тутилмоқда.
Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши хотин-қизлар ҳуқуқларини яна-да мустаҳкамлашга, уларнинг турар-жой масалаларини қонуний ҳал қилишга хизмат қилади.
Мажлис сўнггида Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
![arenda kvartira tashkent](/uploads/d5fb3f5cdf_bisyor_banner_1000x100.webp)
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар