
Самарқанд шаҳрида тарихий аҳамиятга эга "Дари-Занжир" мажмуаси қайта тикланмоқда. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар берди.
Тарихий мажмуа ҳақида маълумот
Самарқанднинг эски шаҳар қисмида, Регистон майдони яқинида жойлашган "Дари-Занжир" мажмуаси номини "занжирланган эшик" деб таржима қилиш мумкин. Бу ерда Амир Темур ва темурийлар сулоласига мансуб шахслар, шунингдек, руҳоният вакиллари ва уларнинг оила аъзолари яшаган.
Аждодларимиз ўз аҳли аёлларини номаҳрамлар назаридан пана қилиш мақсадида ҳужра эшикларини занжирлаб қўйган, натижада бу ерда бегоналарнинг кириши қатъий ман этилган. Шу сабабли ҳам бу ҳудуд "Дари-Занжир" номи билан машҳур бўлган.
Реставрация ишлари ва сарфланган маблағ
Мажмуанинг умумий майдони 70,13 квадрат метрни ташкил этади. 2024 йилда у тўлиқ давлат муҳофазасига олинган ва реставрация ишлари бошланган. "Дари-Занжир" ёдгорлигининг устини ёпиш ва ташқи қисмини тиклаш ишлари учун 415 миллион сўм маблағ сарфланган.
Ҳозирда объектнинг ички қисмида реставрация ва консервация ишлари давом этмоқда. Тез орада мажмуа сайёҳлар учун қайта очилиши кутилмоқда.
Маданий меросни сақлаш бўйича дастурлар
2024 йил давомида Маданий мерос агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан 20 та маданий мерос объектида таъмирлаш ва тиклаш ишлари олиб борилди. Ҳозирга қадар 5 та объектда реставрация ишлари тўлиқ якунланиб, фойдаланишга топширилди.
"Дари-Занжир" мажмуаси 2019 йил 4 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг "Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори асосида Маданий мерос миллий рўйхатига киритилган ва давлат муҳофазасига олинган.
"Дари-Занжир" мажмуасининг реставрация қилиниши нафақат тарихий меросни асраш, балки Самарқанднинг сайёҳлик салоҳиятини ошириш учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ушбу ёдгорлик қайта тиклангач, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун яна бир диққатга сазовор жойга айланади. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар