
Қашқадарё вилоятида босқинчилик содир этган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олиниб, уларнинг аввал содир этилган бошқа бир жиноятга алоқадорлиги аниқланди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Қарши тумани Алишер Навоий маҳалласида хонадонларнинг бирига соат 04:00 ларда ниқоб кийган уч нафар шахс девор орқали кирган. Улар хонадон эгаси, унинг турмуш ўртоғи ва ўғлига тан жароҳати етказган.
Жиноий гуруҳ улардан пул талаб қилиб, уйдаги шкафда бўлган тилла тақинчоқларни олиб чиқиб кетган.
«Эшик очилганини сездим. Парда қимирлаб, фонар ёруғини кўрганимдан кейин уйғондим. Эшикка юриб борганимда, ичкарига ниқоб кийган бир киши бостириб кирди ва оғзимни беркитди», — дейди жабрланувчи аёл.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида гумонланувчилар давлат рақамисиз Nexia-2 машинасида ҳодиса жойида ҳаракатлангани маълум бўлган.
Гумонланувчилар шахсига аниқлик киритилиб, улардан бири қўлга олинган. Шунингдек, босқинчилик жиноятини содир этишда жабрланувчи тўғрисида маълумот берган шахс ҳам ушланган. Ўрганишлар давомида ушбу гуруҳ 2024 йил 26 ноябр куни Қарши туманида содир этилган яна бир босқинчилик жиноятига ҳам алоқадор экани маълум бўлган.
Жиноятда иштирок этган, Қарши шаҳрида яшовчи 40 ёшли фуқаро ҳам қўлга олинган. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар