
Тошкент шаҳрида 5 апрель куни юқори тезликда ҳаракатланган Malibu ҳайдовчиси ЙПХ ходимини “капот” устида судраб кетди. Ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда ЙҲХБ хабар берди.
Ҳодиса Миробод тумани Нукус—А.Қаҳҳор кўчалари кесишган чорраҳада юз берган. Ҳайдовчи давлат рақам белгилари ўзбошимчалик билан ечилган, махсус антенна ва “сирена” мосламаси ўрнатилган Malibu-2 русумли автомобилда юқори тезликда ҳаракатланган. У ўзи ва ўзгаларнинг ҳаётини хавф остига қўйган.
Бундан ташқари, бир неча маротаба ЙПХ ходимларининг тўхташ ишораларига бўйсунмасдан ҳаракатни давом эттирган. Ҳайдовчи кичик сержант яқинлашаётганини кўриб турса-да, тўхтамай уни автомобили билан туртиб юборган. Шундан сўнг Нукус кўчаси бўйлаб “капот” устида судраб кетган.
ЙПХ ходимига олган тан жароҳати бўйича шифокорлар томонидан биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
Машина бошқарувида бўлган фуқаро ўзининг ишсиз экани, транспорт воситасини ижарага олганини маълум қилган. «Ёшлик қилдим, [ЙПХ ходими] капотдан тушиб қолади деб ўйладим», — дейди ҳайдовчи.
Ҳолат юзасидан Миробод тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Барча ҳайдовчилардан белгиланган қоидаларга амал қилиш сўралади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар