
Денов туманида яшовчи Севара Ботирова турмушидан ажраб, ота уйига ёлғиз фарзанди билан кўчиб ўтганидан сўнг, боланинг моддий таъминоти билан боғлиқ муаммолар юзага келади.
Шундан сўнг, боланинг алимент масаласи суд органлари орқали ҳал этилиб, Мажбурий ижро бюроси Денов туман бўлимида 2023 йил февраль ойидан бошлаб собиқ турмуш ўртоғи Н.Ботировдан алимент ундириш белгиланади.
Қарздор ота фарзанди учун тўланиши лозим бўлган алиментни доим кечиктириб, қачонки давлат ижрочилари безовта қилганда қисман ёки бир неча ойлаб алимент тўлашдан бўйин товлаб келди.
Шу боисдан Бюронинг туман бўлими томонидан қарздор отага нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, унинг оқибатлари тушунтирилди.
Бундан ўзига тўғри хулоса чиқарган қарздор ота 7 ойлик алимент қарздорлиги ҳамда турмуш ўртоғи билан ўзаро келишган ҳолда 2028 йилга қадар ҳисобланган жами 80 миллион сўмга яқин алиментни олдиндан тўлаб берди.