
Фото: ИИББ
Ижтимоий тармоқларда Абдуллоҳ номи билан танилган тиктокер Валерий Югай қамоққа олинди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи матбуот котиби Бобур Тўлаганов хабар берди.
Маълум бўлишича, у 2024 йилнинг октябр–ноябр ойларида Жанубий Кореяда бўлган вақтида ижтимоий тармоқдаги саҳифалари орқали миллатлараро низо келтириб чиқариши мумкин бўлган, миллий қадр-қимматни таҳқирловчи ҳамда диний эътиқодга кўра фуқароларни камситувчи сўзлар билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларига нисбатан қатор ҳақоратли чиқишлар қилган.
Тиктокер жорий йилнинг 25 март куни Абу Даби-Самарқанд рейси орқали Ўзбекистонга келтирилиб, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан процессуал тартибда ушланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.