
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси транспорт воситаларини қисқа муддатли ижарага бериш фаолиятининг ноқонуний равишда амалга оширилаётганидан хавотир билдирар экан, Транспорт вазирлиги ва Ички ишлар вазирлигига депутатлик сўрови юборди.
Фракция аъзоси Дилмурод Исмоилов томонидан тақдим этилган сўровда айрим «тадбиркорлар» ўз моддий манфаатлари йўлида инсон ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиб, қонунчиликда белгиланган тартиб-қоидаларни инобатга олмаётгани алоҳида таъкидланган.
Қонунчиликка кўра, транспорт воситаларини қисқа муддатли ижарага бериш фаолияти билан фақат махсус тартибда рўйхатдан ўтган юридик шахслар шуғулланиши мумкин. Шу билан бирга, ижара олувчилар албатта тегишли ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлишлари шарт.
Бироқ, амалда ушбу талабларга ҳар доим ҳам амал қилинмаяпти. Бунинг ёрқин мисоли сифатида сўнгги пайтларда Наманган вилоятида юз берган ачинарли воқеалар келтирилган.
Маълум қилинишича, айрим телеграм гуруҳлари орқали ноқонуний равишда, ҳатто транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган ва ёши вояга етмаган шахсларга ҳам автомобиллар ижарага берилмоқда.
Бу каби ҳолатлар жиддий йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлаётгани қайд этилган. Хусусан, 2024 йилнинг 2 октябрида Наманган шаҳрида ноқонуний ижарага берилган Gentra автомашинаси иштирокидаги мудҳиш автоҳалокат натижасида уч нафар ўсмир ҳаётдан кўз юмган.
Шу муносабат билан, депутатлар Транспорт вазири Илҳом Махкамов ва Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатовга қуйидаги саволларни йўллаган:
— Ноқонуний равишда қисқа муддатли ижара фаолияти билан шуғулланаётган шахсларни барвақт аниқлаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
— Аниқланган қонунбузарларга нисбатан қайси чоралар қўлланилмоқда?
— Бундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?
— Ушбу масала бўйича вазирларнинг шахсий қараши ва муносабати қандай?
Депутатлар ушбу саволларга вазирликлардан жавоб кутишмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар