date
views 23

Қарздор корхонадан тадбиркорлар фойдасига 3,2 миллиард сўм ундириб берилди

Қарздор корхонадан тадбиркорлар фойдасига 3,2 миллиард сўм ундириб берилди
Тошкент шаҳар туманлараро иқтисодий судининг қарори асосида, пойтахтдаги давлат ташкилотларидан бирининг катта миқдордаги қарздорлиги тадбиркорлар фойдасига мажбурий тартибда ундириб берилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюросининг Олмазор туман бўлими маълум қилди.

Иш тафсилотларига кўра, жорий йилнинг 6 апрель куни бюро бўлими иш юритувига икки тадбиркорлик субъекти – "M.S." МЧЖ ва "E.A.T." МЧЖ фойдасига жами 3 млрд 212 млн 979 минг 219 сўм миқдорида қарздорликни ундириш бўйича ижро ҳужжатлари келиб тушган.

Қарздор ташкилотга суд томонидан қарздорликни ихтиёрий равишда қоплаш учун 15 кун муддат берилганига қарамай, ташкилот ушбу муддат давомида мажбуриятларни бажармаган.

Шундан сўнг, қарздорга нисбатан мажбурий ижро ҳаракатлари бошланди. Бунда корхонага тегишли мол-мулкларни аниқлаш мақсадида ваколатли давлат идораларига сўровномалар юборилди. Натижада, ташкилот номига расмийлаштирилган бир неча турдаги кўчмас мулклар ва автотранспорт воситалари аниқланиб, уларнинг барчасига тақиқ қўйилди. Бундан ташқари, корхонага тегишли транспорт воситаларига нисбатан қидирув эълон қилинди.

Мажбурий ижро жараёнида корхонага тегишли умумий баланс қиймати 5,5 млрд сўмдан ортиқ бўлган 7 турдаги автотранспорт ва махсус техникалар хатланиб, банд қилинган.

Натижада, қарздор корхона ўз мол-мулкини сақлаб қолиш мақсадида тадбиркорларга умумий ҳисобда 3,2 млрд сўм маблағни ўтказиб берган. Шу тариқа, мажбурий ижро иши тўлиқ амалга оширилган ва иш амалда тугалланган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қарздор корхонадан тадбиркорлар фойдасига 3,2 миллиард сўм ундириб берилди