
Ижтимоий тармоқларда ўзини Муҳаммад деб таништириб, минглаб фуқароларни маблағларидан маҳрум қилган фирибгар Тошкент шаҳрида ушлангани ҳақида Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов-қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази маълум қилди.
Расмий маълумотларга кўра, Наманган вилоятида яшовчи ушбу йигит одамларга “пулингизни қисқа вақтда бир неча баробар кўпайтириб бераман” деган ваъда билан мурожаат қилган. У ижтимоий тармоқлар орқали юзлаб, аниқроғи — мингдан ортиқ одамни ишонтирган ва улардан катта миқдорда пулни ўзлаштирган.
Трейдер курсларини тугатганига ишонтирган бу шахс, ўз изини йўқотиш мақсадида турли ҳудудларда яшовчи фуқаролар номига расмийлаштирилган SIM-карталар ва банк карточкаларидан фойдаланган. Шундай қилиб у ўз шахсини ниқоблаб, интернет орқали одамларни қўлга киритган пулга ишонтириб, янгидан янги қурбонлар топишда давом этган.
Фирибгарнинг қўлига тушганлар орасида Навоий вилоятида истиқомат қилувчи шахс ҳам бор. У “буюртма асосида ишлайман” деган гапларга ишониб, 7 миллион сўм пулини шахсан ўз қўли билан топширган. Орадан кўп ўтмай алданганини англаб етиб, дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган.
Киберфирибгарликда гумон қилинаётган йигит Навоий вилояти ИИБ ходимлари томонидан ташкил этилган тезкор тадбир натижасида Тошкент шаҳри ҳудудида қўлга олинди. Ҳозирда у қонуний тартибда жавобгарликка тортилиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми — “ўғрилик” бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Айни пайтда мазкур иш бўйича дастлабки тергов ишлари олиб борилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фирибгарнинг бошқа қурбонлари ҳам аниқланиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.
Киберхавфсизлик мутахассислари фуқароларни бегона шахсларга шахсий маълумот ва молиявий ресурсларни ишониб топширмасликка, интернетда шубҳали “инвестиция” ваъдаларига учмасликка чақирмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар