date
views 767

Андижон вилояти ҳокимлиги вилоят раҳбарига нисбатан тарқалган «жиддий айбловлар»ни рад этди

Андижон вилояти ҳокимлиги вилоят раҳбарига нисбатан тарқалган «жиддий айбловлар»ни рад этди
Андижон вилояти ҳокимлиги ижтимоий тармоқларда вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга нисбатан тарқалган жинсий зўравонлик ҳақидаги маълумотларни кескин инкор қилди ва бу каби асоссиз маълумотлар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинганини маълум қилди.

Вилоят матбуот хизматининг маълум қилишича, блогер Улуғбек Ашур томонидан YouTube тармоғида жойлаштирилган видеода ҳоким Шуҳрат Абдураҳмоновга нисбатан «оғир ва асосланмаган айбловлар» билдирилган. Айтиш жоизки, видеода бир аёл ва унинг 15 ёшли қизига вилоят раҳбари томонидан уй совға қилингани, аёлнинг ишга жойлаштирилгани ва қизига бир неча бор зўравонлик қилингани ҳақида гап кетади.

Андижон вилояти ҳокимлигининг раддиясида таъкидланишича, мазкур маълумотлар аниқ далилларга эмас, балки фуқароларнинг асоссиз хабарларига асосланган бўлиб, ҳокимнинг шаъни, қадр-қиммати ва обрўсига бўлган очиқдан-очиқ тажовуз ҳисобланади.

Шунингдек, раддияда ушбу ҳолат бўйича тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат этилгани ва жамоатчилик орасида нотўғри тасаввур уйғотишга ҳаракат қилган шахсларга нисбатан қонунчиликка мувофиқ жазо чоралари кўрилиши айтилган.

Вилоят ҳокимлиги жамоатчиликни шубҳали ва асоссиз манбаларга ишонмасликка чақириб, фақат расмий ва ишончли манбаларга таяниш лозимлигини уқтирган.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил апрель ойида ижтимоий тармоқларда Шуҳрат Абдураҳмоновга тегишли экани тахмин қилинган шахсий мазмундаги видеолавҳа тарқалган эди. Ўша вақтда ҳам ҳокимлик томонидан мазкур ҳолатга нисбатан прокуратурага шикоят билдирилган ва бу иш бўйича тергов амаллари бошлангани ҳақида маълумот берилган эди.

Ҳозирда ушбу воқеалар юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан текширувлар давом этмоқда. Zamin.uz таҳририяти бу каби вазиятларда фақат холис ва асосланган маълумотларга таяниш зарурлигини эслатиб қолади ҳамда бу масала юзасидан ривожланишлар ҳақида ўз ўқувчиларини бохабар қилиб боради.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Андижон вилояти ҳокимлиги вилоят раҳбарига нисбатан тарқалган «жиддий айбловлар»ни рад этди
-->