date
views 78

Жазирамада организмни қандай ҳимоялаш лозим?

Жазирамада организмни қандай ҳимоялаш лозим?
16 майгача Ўзбекистоннинг катта қисмида ҳаво ҳарорати 42–43 даража иссиқни ташкил этиши кутилмоқда. Шу муносабат билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги жазирамада организмни қандай ҳимоялаш лозимлиги ҳақида айрим тавсияларни тақдим этди.

Жазирама нафақат ноқулайлик туғдиради, балки инсон саломатлиги учун жиддий хавф келтириб чиқарувчи омил ҳамдир. Бундай об-ҳаво шароитида организмнинг терморегуляция тизимига катта юк тушади, бу эса мавжуд сурункали касалликларнинг зўрайишига ёки иссиқлик билан боғлиқ касалликлар, жумладан, иссиқдан организмнинг умумий ҳолсизланиши ва ҳаёт учун хавфли бўлган офтоб уриши каби ҳолатларнинг юзага келишига олиб келиши мумкин.

Таъкидланишича, юқори ҳарорат, айниқса, юрак-қон томир тизимига салбий таъсир кўрсатади, юрак уришини тезлаштиради ва қон босимини ошириши мумкин. Организмнинг тана ҳароратини меъёрда сақлашга уриниши кучли терлашга олиб келади, бу эса сувсизланиш хавфини оширади.

Хўш, қандай эҳтиёт чораларини кўриш лозим?

Ушбу саволга Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Экологик дипломатия бўлими бошлиғи Абдуқаюм Тўхтақулов батафсил жавоб берди.

Жазирама кунлари куннинг энг иссиқ вақти – соат 12:00 дан 16:00 гача иложи борича ёпиқ бинолар ёки салқин жойларда бўлиш тавсия этилади. Бу вақтда қуёш нурлари энг кучли бўлиб, тананинг қизиб кетиши ва қуёш уриши хавфи юқоридир. Агар кўчага чиқиш зарурати туғилса, соя жойларда юриш, соябондан фойдаланиш ва фаолликни куннинг салқинроқ пайтлари – эрталаб ёки кечқурунга режалаштириш мақсадга мувофиқдир.

Шунингдек, уй шароитида салқинликни таъминлаш ҳам муҳим. Масалан, кундузи қуёш тушадиган томондаги деразаларни ёпиқ ҳолда сақлаш, кечаси ҳаво салқинлашганда деразаларни очиб, хоналарни шамоллатиш, куннинг энг иссиқ вақтларида печ, кир ювиш машинаси, қуриткич каби ўзидан иссиқлик чиқарувчи маиший техникалардан фойдаланишни чеклаш керак.

Жазирамада тўғри кийим танлаш муҳим. Енгил, кенг бичимли, ҳавони яхши ўтказадиган табиий матолардан (пахта, ипак) тикилган либосларни кийиш тавсия этилади. Синтетик матолардан тикилган кийимлардан сақланиш лозим! Имкон қадар оч рангли уст-бошларни танлаш мақсадга мувофиқ, чунки улар қуёш нурини яхшироқ қайтаради.

Кўчага чиққанда кенг соябонли бош кийим кийиш ва қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак тақиш керак. Бошни қуёш нуридан асраш жуда муҳим, чунки бош миянинг қизиб кетиши тезда иссиқ уришига олиб келиши мумкин.

Кун давомида тез-тез салқин душ ёки ванна қабул қилиш тана ҳароратини пасайтиришга ёрдам беради. Мунтазам ювиниш терининг самарали нафас олишини таъминлайди. Аммо жуда совуқ сувдан фойдаланмаслик керак, чунки ҳароратнинг кескин ўзгариши организм учун стресс бўлиши ва ҳатто пневмонияга олиб келиши мумкин. Хона ҳароратидаги ёки бироз салқин сув энг мақбул вариантдир.

Терига, айниқса, бош ва бўйин соҳаларига ҳўл сочиқ ёки латта қўйиш ҳам организмни самарали совитиш усулидир.

Шунингдек, иссиқда оғир жисмоний меҳнат ёки спорт билан шуғулланиш сувсизланиш, силла қуриши ва офтоб уриш хавфини сезиларли даражада оширади. Бундай шароитда юрак-қон томир тизимига тушадиган юк ортади, бу эса тайёргарлиги бўлмаган одамларда юрак хуружи ёки инсульт хавфини юзага келтиради.

Имкон бўлса, спорт билан кондиционерли ёпиқ иншоотларда шуғулланган афзал. Машғулот пайтида организмга қулоқ солиш, тез-тез дам олиш, етарли миқдорда суюқлик ичиш зарур. Бош айланиши, кўнгил айниши ёки кучли ҳолсизлик каби белгилар пайдо бўлса, машғулотни дарҳол тўхтатиш керак.

Сурункали касалликлари (гипертония, юрак касалликлари, семизлик) бор инсонлар иссиқда жисмоний фаоллик билан шуғулланишдан олдин шифокор билан маслаҳатлашишлари лозим.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Жазирамада организмни қандай ҳимоялаш лозим?