
Жорий йил 6 май куни жиноят ишлари бўйича Янгийўл шаҳар судида ўзбекистонлик бир фуқаронинг ғайриоддий ва кўпчиликни ҳайратлантирган жиноят иши кўриб чиқилди. Бу ишнинг энг қизиқ жиҳати шундаки, фуқаро Россия ҳудудига бориб, «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси сафида Украина билан қуролли можарода қатнашгани учун судланди. Суд мажлисида очиқ кўриб чиқилган ушбу иш бўйича судьялар ўз қарорларини эълон қилишди.
Тафсилотларга кўра, 50 ёшли А.М. 2022 йил сентябридан 2023 йил март ойига қадар Россия Федерациясига бориб, жангарилар сафида фаолият юритиш учун «Вагнер» компанияси билан тўрт ойлик шартнома тузган. Бу шартнома доирасида у махсус ҳарбий тайёргарликдан ўтказилиб, кейин Украина ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш учун юборилган.
Жиноий ҳаракатлар ҳақидаги далиллар ва гувоҳликларга асосан маълум бўлишича, фуқаро А.М. ижтимоий тармоқлар орқали «Вагнер» компаниясининг юқори маош ваъда қилган эълонларига қизиқиб қолган. Айни вақтда у иқтисодий шароитини яхшилаш мақсадида ўз автомобилини 3000 АҚШ долларига сотиб, бу маблағ билан Россияга сафар қилиб, Краснодар вилоятининг «Хутр Молкина» номли шаҳарчасида жойлашган «Вагнер» ҳарбий базасига келган ва тўрт ойлик шартномага имзо чеккан. Шартнома шартларига кўра, у Украинага қарши олиб борилаётган ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши лозим эди.
Фуқаро А.М. дастлаб 20 кунлик махсус жанговар тайёргарликдан ўтказилган ва 170 нафар жангаридан иборат ротанинг сафига қўшилган. Кейин уларни Украина давлати ҳудудига бешта автобус орқали олиб боришган. Бу ерда ўзбекистонлик шахс Украина қуролли кучларига қарши ҳарбий ҳаракатларда бевосита иштирок этган.
Шундан сўнг, у 2023 йил январь ойи охирига қадар уруш ҳудудида бўлиб, кўплаб жанговар ҳаракатларда қатнашган. У жанглар чоғида рота таркибидан атиги 24 нафар жангчи қолганини эслайди. 2023 йил 3 февраль куни жангарилар турган ҳудуд Украина армиясининг дронлари томонидан гранаталар билан бомбардимон қилинган ва шу вақтда А.М. яқинида портлаган граната парчаларидан оғир жароҳат олган. У шошилинч равишда госпиталга етказилиб, тезда жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказган.
Маълум муддат госпиталда даволанган А.М. яна Краснодардаги ҳарбий базага қайтиб борган. Унга шартнома бўйича ваъда қилинган маош берилиб, 45 кунлик таътилга чиқарилган. Шу тариқа А.М. 2023 йил 14 март куни Ўзбекистонга қайтиб келган.
Бироқ у яшаб келаётган уйда 2025 йил 11 февраль куни Янгийўл шаҳар Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан холислар иштирокида тинтув ўтказилган. Тинтув пайтида унинг уйидан гиёҳванд моддалар (наша) ҳамда унинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этгани, оғир жароҳатлангани ва шунинг учун даволангани ҳақидаги тиббий ҳужжатлар топилган.
Мазкур ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилган ва тергов-суд жараёнлари бошланган. Айблов тарафи томонидан судда фуқаро А.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (ёлланмачилик) ҳамда 276-моддасининг 1-қисми (чет давлатлар ҳудудидаги қуролли можароларда иштирок этиш) билан айб қўйилган.
Суд жараёнида айбланувчи А.М. ўз қилмишини тан олган ва у бу жиноятни иқтисодий сабабларга кўра содир этганини таъкидлаган. У ўзининг оғир ҳаёт шароити сабабли Россияга боргани ва фақатгина молиявий муаммоларини ҳал қилиш мақсадида «Вагнер» сафига ёлланганини айтган. У бу ҳаракатидан пушаймонлигини ҳам билдирган.
Суд иш бўйича мавжуд далилларни, шунингдек, гувоҳларнинг кўрсатмаларини тўлиқ ўрганиб чиқиб, фуқаро А.М.ни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг юқоридаги моддалари билан айбли деб топди ва унга нисбатан 5 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Бу ҳодиса ижтимоий тармоқларда ҳам катта муҳокамаларга сабаб бўлди ва кўпчилик ёшлар учун оғир дарс бўлиб қолди. Шунингдек, бу воқеа чет давлатлардаги қуролли можароларга аралашиш Ўзбекистон фуқаролари учун оғир оқибатларга олиб келишини яна бир бор тасдиқлади. Мазкур ҳолат Ўзбекистон жамияти учун муҳим хулосалар чиқариш зарурлигини кўрсатиб турибди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар