date
views 118

Ҳудудларда ер сотиб, «осон пул» топмоқчи бўлганлар ушланди (видео)

Ҳудудларда ер сотиб, «осон пул» топмоқчи бўлганлар ушланди (видео)
Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида ерларни ноқонуний йўллар билан катта миқдордаги маблағлар эвазига сотиб, даромад орттирмоқчи бўлган шахсларнинг фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.

Хусусан, Хоразм вилояти Хива шаҳрида боғдорчилик йўналишида фаолият кўрсатаётган масъулияти чекланган жамият раҳбари, ўз корхонасига тегишли бўлган 19,9 гектар ерни сохта маълумотлар билан 30 гектар деб кўрсатиб, уни мансабдор танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 120 минг АҚШ доллари талаб қилган. Бундан ташқари, мазкур ернинг 80 сотих қисмида кўп қаватли турар-жой қурилишига рухсат олиб бериш учун яна қўшимча 60 минг доллар, жами 180 минг доллар сўраган вақтда Давлат хавфсизлик хизмати ва Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан тезкор тадбир ўтказилди ва жиноятчи пул билан ашёвий далиллар орқали ушланди.

Шунингдек, Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилди. Кадастр агентлигининг Қўқон шаҳар бўлими етакчи инспектори деҳқончилик йўналишидаги фермер хўжалигига 2024 йилда вилоят ҳокимлиги орқали 5,8 гектар суғориладиган ер ажратилишига ёрдам берганини иддао қилиб, мансабдор шахсларга «улуш» бериш кераклигини баҳона қилиб, фермернинг иш юритувчисидан 150 минг АҚШ доллари талаб қилган. Мазкур ноқонуний ҳаракат Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳамкорликда ўтказган амалиёти натижасида тўхтатилди.

Тошкент вилоятида эса янада қизиқроқ ҳолат қайд этилди. Ангрен шаҳрида яшовчи 1987 йилда туғилган, аввал ҳам бир неча марта судланган шахс шаҳар ҳудудидаги боғдорчилик учун мўлжалланган 18 сотих ер майдонини ва унга туташ бўлган Оҳангарон ўрмон хўжалигига қарашли 2 гектар ер майдонини 100 минг долларга сотишини ва яна 21 минг долларга кадастр ходимлари орқали ҳужжатларни расмийлаштириб беришини ваъда қилган. У сўралган жами 121 минг долларни олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан қўлга олинди.

Сурхондарё вилоятида ҳам ер сотиш билан боғлиқ навбатдаги ноқонуний ҳолат фош этилди. “Тўпаланг-Қоратоғ” Ирригация тизимлари бошқармасига қарашли Тўпаланг гидроузели ходими Сариосиё туманидан оқиб ўтадиган дарё ва канал муҳофаза ҳудудидан 32 сотих ер майдонини 73,5 минг долларга шахсий мулк сифатида харидор номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган. У бу иш учун 70 минг АҚШ доллари ва 39 миллион сўм пулни олган пайтида Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўлга тушди.

Аввалроқ ҳам Фарғона вилоятида бир фуқаро 2,5 гектар ер майдонини 650 минг долларга ноқонуний сотишга келишиб, 100 минг долларни олган вақтида ушланган эди. Шунингдек, Тошкент вилояти Оҳангарон туманида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 32 гектар ерни 2,4 миллион долларга сотмоқчи бўлган шахснинг ноқонуний режаси ҳам барбод қилинган.

Бундан ташқари, Сурхондарё вилоятида яна бир шахс қишлоқ хўжалиги учун ажратилган 45 сотих ер майдонини 60 минг долларга сотишга келишиб, 56,7 минг доллар ва 43 миллион сўм олганида ушланди. Хоразм вилояти Урганч туманида давлат захирасига қарашли 24 сотих ер майдонини кадастр орқали харидор номига расмийлаштириб бериш учун 45 минг доллар ва 13 миллион сўм олган фуқаро ҳам тегишли органлар томонидан қўлга олинганди.

Ҳозирда юқоридаги барча ҳолатлар бўйича жиноий ишлар очилган ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Мутасаддилар аҳолини ер билан боғлиқ ноқонуний битимларга йўл қўймаслик ва бундай ҳолатларга дуч келганда дарҳол ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишга чақирмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳудудларда ер сотиб, «осон пул» топмоқчи бўлганлар ушланди (видео)