date
views 140

Шавкат Мирзиёевдан чақириқ: инсоният тинчлик ва адолатни тиклаши шарт!

Шавкат Мирзиёевдан чақириқ: инсоният тинчлик ва адолатни тиклаши шарт!
Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида нутқ сўзлаган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жаҳон сиёсий ва иқтисодий манзарасидаги жиддий ўзгаришлар ва хавотирли жараёнлар ҳақида теран фикр билдириб, халқаро ҳамжамиятни тинчлик, адолат ва ҳамжиҳатликни тиклашга чақирди.

Давлат раҳбари сўзининг аввалида глобал миқёсда қуролланиш пойгаси яна кучайганини, йирик давлатларнинг ҳарбий харажатлари сўнгги ўн йилда бир ярим баробарга ортиб, 2,5 триллион долларга етганини таъкидлади. Айни пайтда иқтисодий инқироз ва молиявий ресурслар тақчиллиги туфайли дунё ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръати кетма-кет уч йилдирки пасайиб бормоқда.

"Минг афсуски, халқаро ҳуқуқ нормалари ва дипломатик воситалар таъсирини йўқотаётир. Инсоният учун энг долзарб масалалар — озиқ-овқат хавфсизлиги, камбағалликни камайтириш ва иқлим ўзгаришлари каби муаммолар сояга тортилиб қолмоқда", — деди Мирзиёев.

Президент тинчликка хизмат қилувчи ташаббусларни қўллаб-қувватлашни алоҳида таъкидлаб, Украинадаги мураккаб вазиятни фақатгина дипломатик йўл билан ҳал этиш лозимлигини билдирди. У Истанбулдаги тўғридан-тўғри музокараларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев кўп йиллардан бери давом этаётган Ғазо фожиасини тилга олиб, бу фожеа XXI асрда инсон қадрини менсимасликнинг ачинарли кўриниши эканини таъкидлади. Унга кўра, бу муаммонинг адолатли ечими — Фаластин халқига ўз мустақил давлатини барпо этиш ҳуқуқини амалга оширишдан иборат.

Форумдаги нутқ давомида президент яна бир муҳим халқаро масала — Афғонистон тақдирига ҳам тўхталиб ўтди. Унинг фикрича, ушбу давлатнинг тинч ва барқарор ривожланиши бутун Марказий Осиё минтақасининг хавфсизлиги ва иқтисодий тараққиёти учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис, Афғонистондаги ҳукумат билан конструктив мулоқотни давом эттириш ва уни халқаро майдондан четлатмаслик жуда муҳим.

Нутқ якунида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон олдида турган улкан мақсадлардан бири — 2030 йилгача мамлакат ялпи ички маҳсулотини 200 миллиард долларга етказиш эканини билдирди. Унинг сўзларига кўра, бу мақсадга эришиш учун мамлакатда барча салоҳият ва сиёсий ирода мавжуд.

Форум доирасидаги бу чиқиш нафақат иқтисодий ҳамкорлик, балки Ўзбекистоннинг глобал тинчлик, барқарорлик ва инсон қадрини ҳимоя қилишга қаратилган принципиал позициясини яна бир бор намоён этди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёевдан чақириқ: инсоният тинчлик ва адолатни тиклаши шарт!