
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолар ва хабарлар таксичилар орасида катта муҳокамага сабаб бўлди. Уларда, гўёки эндиликда ҳар бир ҳайдовчи ўз вилоятида такси фаолиятини амалга ошириши мумкинлиги, Тошкентда эса фақат 01 рақамли автомобиль эгаларига лицензия берилиши таъкидланган.
Мазкур масалага Транспорт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов аниқлик киритди ва бу қоида янгилик эмаслигини қайд этди. Ашурматовга кўра, 2011 йилда тасдиқланган 139-сонли қарор билан йўналишли таксилар фаолияти қатъий тартибга солинган. Қарорга мувофиқ, ҳайдовчи лицензия карточкасининг ўзида кўрсатилган ҳудудда, фақат ана шу жойда таксичилик қилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган эди. Аммо, айни пайтда, ушбу ҳужжат ўз кучини йўқотган ва 2025 йилда қабул қилинган янги қарор орқали ана шу талаб яна ўз тасдиғини топган.
Вазирлик вакили таъкидлашича, энди ҳар бир такси ҳайдовчиси лицензиясида кўрсатилган ҳудуд ва унга туташ туманларда фаолият юритиши мумкин. Масалан, Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган, давлат рақам белгиси “01” билан бошланувчи транспорт воситалари Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Сирдарё вилояти ҳудудларида қонуний равишда такси хизматини кўрсата олади. Вилоятларда ҳам худди шу қоида амал қилади — ҳар бир вилоят ҳайдовчиси ўз ҳудуди ва унга туташ минтақаларда иш олиб бориши мумкин.
Бундай чора, мамлакатда транспорт хизматларини тизимли ва шаффофлаштириш, йўловчилар хавфсизлиги ҳамда рақобат муҳитини соғломлаштиришга қаратилган. Эндиликда “бошқа вилоятга бориб, у ерда ишлайман” деган ўйлар ўрнига, ҳайдовчилар ҳар ким ўз жойида хизмат кўрсатиши зарур бўлади.
Таъкидлаш жоизки, бу ўзгаришлар кўпчилик ҳайдовчилар учун ноқулай туюлиши мумкин, бироқ транспорт соҳасини модернизация қилиш ва фуқаролар манфаатини ҳимоялаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар