
Яқин Шарқ минтақасида охирги кунларда содир бўлаётган кескинлик ва қуролли тўқнашувлар бутун дунё ҳамжамиятида жиддий хавотир уйғотмоқда. Айниқса, Исроил ва Эрон ўртасидаги зиддиятлар нафақат минтақавий, балки халқаро барқарорликка ҳам жиддий таҳдид солмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан юртимиз фуқароларига махсус мурожаат йўллади.
Вазирлик баёнотида таъкидланишича, можаронинг авж олиши минтақанинг умумий тинчлигига ва барқарор ривожланишига катта таҳдид туғдиради. Бу эса, биринчи навбатда, оддий фуқаролар — болалар, аёллар ва тинч аҳоли учун оғир оқибатларга сабаб бўлмоқда. "Урушда ғолиб бўлмайди, энг катта йўқотишни доим оддий инсонлар тортган ва бугун ҳам шундай бўлмоқда," дейилади расмий мурожаатда.
Ўзбекистон Республикаси ҳар доим тинчликпарвар сиёсат юритиб келган ва дунё ҳамжамиятида ўзаро ҳурмат, дўстона муносабатлар, манфаатли ҳамкорлик йўлини танлаб келмоқда. Мамлакатимиз ташқи сиёсати устувор йўналишларидан бири – барча можароларни дипломатик мулоқот ва халқаро ҳуқуқ меъёрлари асосида тинч йўл билан ҳал этишдир.
Ташқи ишлар вазирлиги ушбу шароитда фуқароларимизни барча вазиятларда бағрикенглик ва масъулиятли фуқаролик позициясини намоён этишга, диний, ирқий ёки бошқа шахсий мансубликлар асосида зиддиятли муносабатлар билдирмасликка, нафрат ва зиддият тарғибига қарши туришга чақирди. Бу умумий бурч, жамиятда миллий ва диний тотувликни сақлаш эса барқарорлик ҳамда хавфсизликнинг муҳим кафолати экани эслатиб ўтилди.
Мурожаатда шунингдек, турли провокация ва ҳақоратомуз чақириқларга учмаслик, вазиятларга нисбатан ҳиссиётга берилмасдан, вазминлик ва барқарор муносабатни сақлаш кераклиги уқтирилди. Агар зарурат туғилса, хавфсиз жойларга йўл олиш, ҳарбий ёки бошқа давлат объектларига яқинлашмаслик, уларни фото ва видеога олмаслик, одамлар гавжум жойлардан узоқда бўлиш каби муҳим тавсиялар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги яна бир бор барча фуқароларни тинчлик, ўзаро ҳурмат ва бағрикенгликка даъват этади. Чунки фақат шу йўлгина юртимизда барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга хизмат қилади. Можаролар ҳал этилишида эса доимо тинч йўл, мулоқот ва халқаро ҳуқуқ асосий тамойил бўлиб қолиши лозим. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар