date

Қашқадарёда уч ёшли бола комбайн ичига тушиб, оғир жароҳат олди

Қашқадарёда уч ёшли бола комбайн ичига тушиб, оғир жароҳат олди
Қашқадарё вилояти Кўкдала туманида содир бўлган ҳодиса яна бир бор болалар хавфсизлиги ва техник назорат масалаларига жиддий эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатди. Туман ҳокимлиги томонидан берилган расмий маълумотга кўра, 15 июнь куни туманда истиқомат қилувчи фуқарога тегишли бўлган ғалла ўришга мўлжалланган комбайн машинаси билан боғлиқ нохуш ҳолат юз берди.

Маълумотларга кўра, Х.Ғ. бошқарувидаги комбайн фуқаро У.Б.нинг ғалла майдонида ўрим ишларини амалга ошириш учун жалб қилинган. Бироқ, ускунанинг техник носозлиги сабабли комбайнни таъмирлаш учун У.Б.нинг уйига олиб боришга тўғри келган.

Таъмирлаш ишлари олиб борилаётган бир вақтда, эҳтиётсизлик ва қаровсиз қолган У.Б.нинг 2022 йилда туғилган ўғли комбайн ичига тушиб кетган. Ҳодиса натижасида бола ўнг ва чап қўлларидан оғир жароҳат олган ва шошилинч равишда шифохонага етказилган.

Тиббий хизмат ходимларининг маълум қилишича, жабрланган боланинг ҳаётига жиддий хавф солувчи омиллар йўқ, ҳозирда унинг аҳволи барқарорлашган. Аммо бу воқеа барча ота-оналар ва масъул шахсларга болалар хавфсизлиги, хусусан қишлоқ хўжалиги техникаси ёки бошқа ишлайдиган агрегатлар атрофида жуда эҳтиёт бўлиш лозимлигини яна бир бор эслатади.

Мутасаддилар таъкидлашича, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун болаларни қаровсиз қолдирмаслик, техник носозликларда барча хавфсизлик қоидаларига амал қилиш, ва албатта, таъмирлаш пайтида атрофда болалар йўқлигини таъминлаш зарур.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қашқадарёда уч ёшли бола комбайн ичига тушиб, оғир жароҳат олди