
Урганч шаҳар прокуратураси терговчисига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Урганч шаҳар прокуратураси катта терговчиси мансаб мавқейидан фойдаланиб, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан маҳаллий фуқарога нисбатан қўзғатилиб, ўзининг ҳамкасби томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят ишини айблов хулосаси билан судга юборилмасдан, терговда тугатиб бериш эвазига 3000 АҚШ доллари талаб қилган.
Натижада катта терговчи 2025 йилнинг 16—28 май оралиғида 1000 АҚШ доллари, 10 млн сўм, қиймати 1000 АҚШ долларига тенг бўлган 1 дона сейф ва 1 миллион 300 минг сўмлик 1 дона иш столи жамланмасини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Аммо фуқаро ўзига нисбатан Жиноят кодексининг 25,168 моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жиноят иши дастлабки терговда тугатилмасдан, айблов хулосаси билан судга юборилганини билгач, терговчидан муқаддам берилган пул маблағлари ва ашёларни қайтариб беришини талаб қилган.
Шундан сўнг терговчи 1000 АҚШ доллари, қиймати 1000 АҚШ долларига тенг бўлган 1 дона сейф ва 1 миллион 300 минг сўмлик 1 дона иш столи жамланмасини фуқарога қайтариб берган вақтида ДХХнинг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда терговчига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар