Айни пайтда Ўзбекистонда 150 та тадбиркорлик субъекти тегишли лицензия асосида халқ табобати йўналишида самарали фаолият юритиб келяпти.
ССВ яратиб берилган ушбу имкониятларга қарамай, кейинги пайтларда тегишли ҳуқуққа эга бўлмасдан, рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда касалликларга ташхис қўйиш, уларни даволаш билан шуғулланаётган ҳамда бу орқали инсонлар соғлиги ва ҳаётига жиддий хавф туғдираётган сохта табиблар сони кўпайиб бораётганидан хавотир билдирмоқда.
«Энг ёмони, хасталиклардан тез, осон, асоратсиз, муҳими, табиий усул билан ва уй шароитида халос бўлишни истаган юртдошларимиз «ғайритабиий қобилиятларга эга»лигини иддао қилаётган, турли йўллар орқали одамлар ишончига кириб, ҳеч қандай тасдиқланмаган ҳамда тегишли синовлардан ўтмаган «хизмат»ларни таклиф этаётган бундай кимсаларга алданиб қолмоқда.
Айниқса, ижтимоий тармоқлар бу каби шубҳали хизматларни кенг тарғиб қилувчи платформага айланиб бораётгани, уларнинг асосий аудиторияси ҳам, мижозлари ҳам оғир ҳаётий аҳволга тушиб қолган фуқароларимиз бўлаётгани афсусланарлидир», – дейилади вазирлик огоҳлантирувида.
Шу сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни ижтимоий тармоқларда сохта табиблик билан шуғулланиб, ўзини реклама қилаётган ҳолатлар ва қўлланилаётган муолажа усуллари далилларга асосланган тиббиётнинг даволаш услубларига кирмаслигидан, бундай сохта усуллар белгиланган диагностика ва даволаш миллий клиник протоколлари ҳамда стандартларига мутлақо мувофиқ келмаслигидан огоҳлантирмоқда.
Қолаверса, юқоридаги муолажалар билан шуғулланаётган шахсларга вазирлик томонидан фаолият юритишлари учун ҳеч қандай лицензия берилмагани таъкидланади.
Маълумот учун, 2024 йилда лицензиясиз тиббий фаолият юритганлиги учун 38 та юридик шахснинг ҳар бири БҲМнинг 300 баравари миқдорида, 2025 йилнинг 1 июль ҳолатига эса 24 та юридик шахс молиявий жаримага тортилган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!