Тошкент шаҳрида айрим йўллар бўйича автомобиллар учун белгиланган тезлик чекловини ошириш режаси муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда 12 август куни бўлиб ўтган халқ депутатлари шаҳар кенгаши мажлисида пойтахт Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Элмурод Алимов маълумот берди.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда шаҳарнинг муҳим ҳаракат оқимига эга бўлган Бунёдкор, Себзор, Аҳмад Дониш, Тошкент ҳалқа йўли ва Янги Ўзбекистон кўчаларида транспорт воситалари учун максимал рухсат этилган тезликни 80 километр/соатга ошириш таклифи берилган. Алимов бу масалада мутасадди идоралар билан ҳамкорликда иш олиб борилаётганини таъкидлади.
Мажлис давомида депутатлардан бири янги тезлик чегараси қачон амалда қўлланилиши ҳақида сўроқ қилди. Элмурод Алимовнинг жавоб беришича, таклиф шаҳар ҳокимлиги ва тегишли ташкилотларга киритилган, расмий қарор қабул қилингач, оммага эълон қилинади.
Маълумот учун, 2023 йил апрелида мамлакат шаҳарларида тезлик чегараси автоҳалокатлардан ўлим даражаси юқорилиги сабаб 70 км/соатдан 60 км/соатга туширилган эди. Бу чора хавфсизликни таъминлаш ва йўл-транспорт ҳодисаларини камайтириш мақсадида амалга оширилган.
Алимов шунингдек, пойтахтнинг 12 та кўчасида (аниқ манзиллар ҳали очиқланмаган) бир томонлама ҳаракат тизимини жорий этиш таклифи ҳам муҳокама қилинганини маълум қилди. Бу ғоянинг мақсади — тирбандликларни камайтириш, ЙТҲларнинг олдини олиш ва йўл ҳаракати иштирокчилари учун қулай муҳит яратиш.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси раҳбар ўринбосари ёз ойларида электр таъминотидаги узилишлар сабаб светофорлар ишдан чиқиб қолиши ҳолатлари тез-тез содир бўлаётганини ҳам таъкидлади.
— “Светофорлар ишламай қолганда ҳаракат тартиби бузилади. 5-6 соат, баъзида 8 соат ёки 2 соатлаб шу ҳолат давом этади. Бу пайтда биз инспекторларнинг жисмоний меҳнатидан фойдаланамиз”, — деди у.
Ечим сифатида эса Алимов пойтахтдаги барча марказий чорраҳаларга узлуксиз қувват манбалари (UPS) ўрнатишни таклиф қилди.
— “500 та марказий чорраҳа светофорларига UPS ўрнатсак, свет ўчган пайтда ҳам 5-6 соат давомида ишлайди. Электр таъминоти тиклангунча светофорларимиз тўлиқ фаолият кўрсатиши мумкин бўлади”, — дея таъкидлади у.
Шаҳарда йўл ҳаракати тизимини такомиллаштириш бўйича бу каби ўзгаришлар нафақат ҳайдовчилар, балки пиёдалар учун ҳам катта аҳамият касб этади. Яқин вақтларда ушбу таклифлар юзасидан расмий қарорлар чиқиши ва уларнинг амалга ошиши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!