Ўзбекистон Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Қирғизистонга сафари доирасида Zakovat Asian Cup II интеллектуал турнири якунларига бағишланган тантанали маросимда иштирок этиб, самимий нутқ сўзлади.
У ўз сўзида қўшни халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликка урғу берди. Саида Мирзиёеванинг таъкидлашича, бир пайтлар ёпилган чегаралар очилди, қишлоқларни иккига бўлиб турган симтўрлар олиб ташланди. Натижада ажралган оилалар яна бирлашди, фарзандлар ота-оналар бағрига қайтди.
У шу ўринда Ўзбекистон Қаҳрамони, маърифатпарвар олим Озод Шарафиддиновнинг “Чингиз Айтматовнинг «Оқ кемаси» — инсоният учун нажот кемасидир” деган сўзларини эсга олди ва бу фикрнинг ҳаётда ўз тасдиғини топаётганини таъкидлади.
Саида Мирзиёева таъкидлаганидек, ҳозир дунёда турли зиддиятлар, хавф-хатарлар ва нотинчликлар авж олаётган бир пайтда Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон ва Қирғизистонда дўстлик ва ўзаро ҳурмат муҳити ҳукм сурмоқда. Буни нафақат халқларимиз, балки халқаро ҳамжамият ҳам юқори баҳоламоқда.
Унинг фикрича, бу натижалар икки давлат раҳбарлари — Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаровнинг қатъий сиёсий иродалари самарасидир. “Мамлакат етакчилари йўл кўрсатаётган ибратли йўл — халқларимиз тинчлиги ва давлатлар тараққиётининг кафолатидир. Чунки бугун фақат чегараларгина эмас, кўнгилларимиз ҳам очиқ”, — деди у.
Шунингдек, Саида Мирзиёева ёшлар масаласига ҳам алоҳида тўхталди. Унинг айтишича, ёшлар илм-фан, маданият, санъат, спорт, тадбиркорлик ва интеллектуал мусобақаларда елкадош бўлиб, чин юракдан ҳаракат қилмоқда ва йирик натижаларга эришмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Саида Мирзиёева 19–20 август кунлари Бишкекка ташриф буюриб, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳамда Президент Администрацияси раҳбари, Вазирлар Маҳкамаси Раиси Адилбек Қасималиев билан учрашувлар ўтказди. Шунингдек, у пойтахтда ташкил этилган “Аёл — дунёни яхшилик сари ўзгартирувчи лидер” халқаро форумида ҳам қатнашди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!