Наманганда ички ишлар органи ходимлари томонидан фуқарога зўравонлик қўлланилгани ва унинг оғир аҳволга тушиб қолгани ҳақида хабар тарқалди. Бу ҳақда “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.
Ташановнинг айтишича, 16 август куни Республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг Наманган филиалида 31 ёшли А. Ў. жарроҳлик амалиётидан ўтган ва унинг қора талоғи олиб ташланган. Фуқаронинг адвокати бу ҳолат юзасидан дарҳол Наманган вилояти прокурорига мурожаат қилган.
Маълум қилинишича, 14 август куни ИИБ ходимлари уни икки кун давомида ИИБ биносида қийноққа солиб, ҳаёти учун хавфли жароҳатлар етказган. Кейин эса майда безорилик айблови билан ЖИБ Наманган шаҳар судига олиб келишган. Бироқ суд айбловни тасдиқламай, маъмурий ишни рад этган.
Шу ҳолатдан сўнг фуқаро ички ишлар органи ходимлари томонидан шифохонага етказилган ва шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлишган.
“Бу ҳолат бўйича барча тиббий ҳужжатлар, видеолар мавжуд. Адвокат тақдим этган фотосуратларда эса фуқаронинг қўлидаги кишан излари ва танасидаги жароҳатлар яққол кўринади”, — деб ёзади Ташанов.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!