date

Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида гиёҳвандликни касб қилганлар ушланди

Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида гиёҳвандликни касб қилганлар ушланди

Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасидаги тезкор тадбирлар ҳақида хабар берди.


Қайд қилинишича, интернет тармоғи орқали синтетик наркотиклар савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳнинг фаол аъзоси қўлга олинган. Тошкент вилоятининг Қибрай туманида яшовчи, 23 ёшли шахс наркогуруҳ ташкилотчилари томонидан берилган топшириққа кўра, Тошкент туманига бориб, дала майдонида яшириб қўйилган 4 кг 300 гр «альфа-ПВП» моддасини қабул қилиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Таъкидланишича, у Тошкент шаҳридаги хусусий олий таълим муассасасининг 3-курс талабаси ҳисобланади.

Ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Шу билан бирга, республика миқёсида ўтказилаётган «Хавфсиз ва соғлом юрт» профилактик тадбирлари доирасида Қашқадарё вилояти Нишон туманида истиқомат қилувчи, 24 ёшли фуқаро ўз акаси номида бўлган, пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжалигининг 20 сотих ер майдонида жуда кўп миқдорда гиёҳвандлик воситалари етиштириш билан шуғулланаётгани аниқланган. Ўтказилган тезкор тадбирда 247 туп каннабис ўсимлиги ва 27 кг 708 гр марихуана ашёвий далил сифатида олинган.

Ҳозир унга нисбатан Жиноят Кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда «Бўка-Тошкент» йўналишида ҳаракатланаётган, Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида яшовчи, 55 ёшли собиқ ички ишлар ходими бошқарувидаги Lacetti тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганда, 979 гр гашиш моддаси борлиги аниқланган. Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, уларнинг жиноий шериклари бўлган Бекобод туманида яшовчи 2 нафар фуқаро ушланиб, улардан ҳам 437 гр гашиш моддаси олинган.

Ҳозир мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда эса Янгиобод маҳалласида истиқомат қилувчи, муқаддам судланган шахс ва Бирлик маҳалласида яшовчи фуқаро қўлга олиниб, ёнида 976 гр марихуана борлиги аниқланган.

Ҳозир мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида гиёҳвандликни касб қилганлар ушланди