Тошкент вилояти, Янгийўл туманида чумчуқ гўштидан кабоб тайёрлаган чойхона раҳбари жазоланди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.
Қайд қилинишича, шу мазмундаги хабар ижтимоий тармоқларда тарқалгач, ҳолат Экология бошқармаси ва Ички ишлар бошқармаси пост-патрул хизмати ходимлари томонидан ўрганилган.
Ўрганиш давомида чойхонада чумчуқ гўштидан кабоб тайёрланаётгани аниқланмаган.
Чойхона раҳбаридан ижтимоий тармоқда тарқалган ҳолат юзасидан тушунтириш сўралганда, видеолавҳадаги ҳолат илгари мижозлар сонини кўпайтиш мақсадида олингани маълум бўлган. Чойхона раҳбари ҳозир чумчуқ гўштидан кабоб тайёрлаш ҳолатига йўл қўйилмаётганини айтган.
Таъкидланишича, чойхона раҳбарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 63-моддаси (Ғайриқонуний ов, балиқ овлаш маҳсулотини, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиш ва тайёрлаш маҳсулотини қабул қилиб олиш) 1-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 4 млн 120 минг сўм миқдорида жаримага тортилган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!