date

Қашқадарё ва Самарқанд вилоятида фирибгарлик ҳолатлари фош этилди

Қашқадарё ва Самарқанд вилоятида фирибгарлик ҳолатлари фош этилди

Қашқадарё вилоятининг Косон туманида яшовчи, илгари ҳам фирибгарлик жинояти учун судланган 37 ёшли шахс яна ноқонуний йўлга қадам қўйди. Давлат хавфсизлик хизмати тарқатган маълумотга кўра, у ўзини ДХХ ходими сифатида таништириб, одамларни ишончига кирган ва уларни давлат хавфсизлик органларига ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилган.

Маълум бўлишича, у 2024 йил сентябридан 2025 йил июнига қадар турли баҳоналар билан фуқароларни алдаб, жами 30 минг АҚШ доллари ва 510 миллион сўмдан зиёд маблағни қўлга киритган. Шу билан бирга, у жабрланувчилардан бирига қариндошини Қуролли Кучлар академиясига ўқишга киритишни ваъда қилган ва бунинг эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилган. Ҳозирга қадар шу маблағнинг 4 минг долларини олиб улгурган.

ДХХ ходимлари томонидан Қарши шаҳрида ташкил этилган тезкор тадбирда у талаб қилинган 10 минг доллар ҳисобидан яна 2 минг долларни қабул қилиб олган вақтида қўлга олинди. Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ҳамда 28,211-моддаси 2-қисми «а» банди асосида жиноят иши қўзғатилди ва қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.

Шунга ўхшаш, Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида истиқомат қилувчи 64 ёшли шахс ҳам қонун бузиш билан қўлга тушди. У бошқа бир фуқаронинг ишончига кириб, уни ДХХ тизимига ишга киритиб қўйишини ваъда қилган ва бунинг эвазига 7 минг АҚШ долларини олган пайтида ушланган.

Айни вақтда унга нисбатан ҳам Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 2-қисми «а» банди асосида жиноят иши очилди ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мутасаддилар таъкидлашича, бу каби ҳолатлар одамларнинг ишончи ва умидини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ бўлиб, кенг жамоатчиликка огоҳлантириш сифатида хизмат қилади. Чунки давлат идораларига ишга жойлашиш ёки ўқишга кириш жараёнлари фақат қонуний йўл билан амалга оширилиши мумкин.

Бу воқеалар жамиятда яна бир бор эҳтиёт бўлиш, ҳеч қачон сохта ваъдаларга ишонмаслик зарурлигини кўрсатди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қашқадарё ва Самарқанд вилоятида фирибгарлик ҳолатлари фош этилди