date

Уч вилоятда коррупция ҳолатлари фош этилди, жиноят иши қўзғатилди

Уч вилоятда коррупция ҳолатлари фош этилди, жиноят иши қўзғатилди

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда Фарғона, Тошкент ҳамда Сурхондарё вилоятларида олиб борилган тезкор тадбирлар давомида қатор коррупцион ҳолатлар аниқланди.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг январ ойида Фарғона вилояти Фурқат туманидаги “Ёшлар кичик саноат зонаси”да маҳаллий масъулияти чекланган жамиятга 22 сотих ер майдони узоқ муддатга ижарага берилган. Бироқ муқаддам судланган корхона раҳбари ушбу майдонни ноқонуний равишда 52 минг долларга сотишга келишиб, ҳокимлик ҳузуридаги “Кичик саноат зоналарини бошқариш дирекцияси”да ишловчи таниши орқали хусусийлаштириш учун 15 минг доллар талаб қилган. Ушбу жами 67 минг доллар талаб қилинган пулдан 15 минг долларини қабул қилиб олган пайтда улар ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси юристконсульти ҳам қўлга олинди. У маъмурий судда кўриб чиқилаётган ишни мансабдор танишлари орқали ижобий ҳал қилиб бериш учун 15 минг доллар талаб қилган ва пулни қабул қилиб олган вақтда далиллар билан ушланган.

Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида эса давлат солиқ инспектори ўз хизмат ваколатини суиистеъмол қилиб, маҳаллий тадбиркордан тегишли корхонанинг қарздорлигини тугатиб бериш баҳонасида 8 млн. сўм талаб қилган. Унинг жиноий шериги бўлган 1999 йилда туғилган фуқаро сўралган маблағни қабул қилиб олган пайтда ушланган. Кейинчалик инспектор ҳам ноқонуний пулни учинчи шахс орқали қабул қилиб олган вақтида қўлга олинди.

Ҳозирги кунда ушбу ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, айбдор шахсларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бу воқеалардан кўриниб турибдики, коррупцияга қарши қатъий кураш барча ҳудудларда давом этмоқда ва ноқонуний йўлга қўл урган ҳар бир шахс жавобгарликдан қочиб қутула олмайди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Уч вилоятда коррупция ҳолатлари фош этилди, жиноят иши қўзғатилди