Наманган вилоятида уч нафар фуқаронинг яширин дорихона омборлари аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
ДХХ ходимлари вилоят божхона бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда Уйчида яшовчи 1985, 1992 ва 1993 йилларда туғилган шахслар контрафакт ва сифатсиз дори воситаларини ноқонуний савдога қўйганликда гумон қилинди.
Уларнинг Наманган шаҳри ва Уйчидаги беш манзилда сақланаётган яширин омборлари кўздан кечирилди. Натижада Хитой, Россия, Ҳиндистон, Франция, Италия, Туркия, Ветнам, Исроил, Полша, Украина, Германия ва бошқа давлатларда ишлаб чиқарилган, ҳужжатларсиз 1267 турдаги жами 102 минг 640 қути дори воситалари топилди.
Уларнинг тахминий қиймати 7,2 млрд сўмни ташкил қилади. «Гепорин», «Актовегин», «Хилак форте», «Урсофалк» каби препаратлардан ташқари, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган «Тестостерон» ва «Ретаболил» дорилари ҳам аниқланди.
Текширувларга кўра, дорилар Қирғизистондан айланма йўллар орқали олиб келинган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186−3 (Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш) ва 251−1-моддалари (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатиш режалаштирилган, терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!