date

Коррупция: божхона ва солиқ тизимида яна қўлга олиш ҳолатлари

Коррупция: божхона ва солиқ тизимида яна қўлга олиш ҳолатлари

Давлат хавфсизлик хизмати мамлакатда коррупцияга қарши кураш йўналишида навбатдаги катта фош этилган ҳолат ҳақида маълум қилди. Таъкидланишича, Божхона ва Солиқ қўмиталари тизимидаги айрим ходимларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.

Маълумотларга кўра, тезкор тадбирлар Божхона қўмитасининг Шахсий хавфсизлик бошқармаси, Бош прокуратура ва Тошкент шаҳар прокуратураси билан ҳамкорликда амалга оширилган.

Биринчи ҳолатда, Тошкент вилояти Божхона бошқармасининг “Навоий” чегара пости инспектори қўлга олинди. У хизмат ваколатидан фойдаланиб, 1979 йилда туғилган фуқарога Қозоғистондан 7 килограмм олтинни декларациясиз олиб киришга кўмаклашишга ваъда берган. Бунинг эвазига у Чирчиқ шаҳрида 5 минг АҚШ доллари олган пайтда ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан иш қўзғатилди ва қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди.

Иккинчи ҳолат, Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани давлат солиқ инспекцияси шуъба бош инспекторига оид. У озиқ-овқат маҳсулотлари улгуржи савдоси билан шуғулланувчи МЧЖ фаолиятини тугатиб бериш учун юқори лавозимдаги танишлари орқали “масалани ҳал қилиб бериш” баҳонасида 2 500 доллар талаб қилган. У талаб этилган пулни туман солиқ инспекцияси биноси олдида олган пайтда қўлга олинган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан иш қўзғатилган.

Яна бир ҳолат Миробод туманида қайд этилди. Солиқ инспекциясининг маҳаллаларга бириктирилган инспектори ўз назоратидаги дўконга текширув ўтказмаслик ва келгусида ҳар қандай текширувлар ҳақида олдиндан хабар бериш эвазига 10 миллион сўмни ўзининг банк картасига ўтказиб олган. У тезкор тадбир пайтида қўлга олинди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ушбу ҳолатларни мамлакатда коррупцияга қарши курашнинг амалий мисоли сифатида баҳоламоқда. Мутасаддилар таъкидлашича, давлат хизматчилари фақат қонун доирасида ишлаши шарт ва ҳар қандай ноқонуний ҳаракат оғир жавобгарликка сабаб бўлади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Коррупция: божхона ва солиқ тизимида яна қўлга олиш ҳолатлари