Наманган вилоятида криптоактивлар билан боғлиқ жиддий қонунбузарлик очилди. Ҳуқуқ-тартибот органлари маълумотига кўра, вилоят ҳудудида икки нафар фуқаро ноқонуний равишда криптовалюталар айланмаси билан шуғулланиб келган. Улар томонидан амалга оширилган операциялар қиймати 2 миллиард 200 миллион сўмдан ҳам ошиб кетгани маълум қилинди.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси тарқатган ахборотга кўра, Косонсой туманида истиқомат қиладиган 24 ёшли шахс лицензия олмаган ҳолда Binance платформаси орқали криптоактивлар савдосини йўлга қўйган. У жорий йилнинг март ойидан май ойигача бўлган қисқа вақт ичида умумий қиймати 542 миллион сўмдан зиёд бўлган 35 та битимни амалга оширган. Тергов жараёнида далилий ашё сифатида айбланувчининг қўлидан iPhone 11 мусодара қилинди.
Шунингдек, Норин туманида яшовчи 37 ёшли яна бир фуқаро ҳам криптоактивлар билан боғлиқ ноқонуний операцияларда қўлга олинди. Унинг фаолияти 2024 йилнинг май ойидан ноябрь ойигача давом этган бўлиб, шу вақт ичида у 1,7 миллиард сўмлик 35 та битимни амалга оширган.
Ҳар икки шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 278-8-моддаси (“Криптоактивлар муомаласи соҳасидаги қонунчиликни ўта йирик миқдорда бузиш”) асосида жиноят иши қўзғатилди.
Мутасаддилар таъкидлашича, бундай ҳолатлар нафақат иқтисодий хавфсизликка, балки фуқароларнинг молиявий барқарорлигига ҳам таҳдид солади. Шу боис аҳоли криптоактивлар билан боғлиқ операцияларда фақат лицензияга эга бўлган майдончалардан фойдаланиши қатъий тавсия этилмоқда.
Наманганда фош этилган мазкур ҳолат, сўнгги йилларда криптовалюталар соҳаси билан боғлиқ ҳуқуқий назорат ва масъулиятнинг янада кучайтирилаётганини яна бир бор намоён қилди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!