Туркия ҳудудида одам савдоси жиноятини содир этганликда гумон қилинган икки нафар аёл қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси маълумот берди.
Маълум қилинишича, мазкур шахслар Туркия ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ушланган. Улар расмий равишда Ўзбекистонга депортация қилинди.
Ушланганлардан бири 1962 йилда Самарқанд вилоятида туғилган Б.М. бўлса, иккинчиси 1987 йилда Наманган вилоятида дунёга келган Н.Н. ҳисобланади.
Ички ишлар вазирлиги жамоатчиликка мурожаат қилиб, ушбу шахсларнинг жиноий ҳаракатларидан жабрланган фуқароларни дарҳол вазирлик ёки унинг ҳудудий бўлинмаларига мурожаат қилишга чақирди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига ҳам тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имкони мавжудлиги таъкидланди.
Бу ҳодиса, халқаро ҳамкорлик орқали жиноятчиликка қарши курашишнинг самарали йўлларидан бири сифатида қайд этилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!