Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериш ёки қайта тиклашни ваъда қилган шахслар қонун ҳимоячилари томонидан фош этилди.
Маълумотларга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бағдод тумани бўлими ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда “Ватанпарвар” ташкилоти Бувайда тумани бўлими инспектори З.Т. ушланган. У фуқаро Т.З.ни ҳайдовчилик имтиҳонидан ўтказиш ва “В” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасини тайёрлаб бериш эвазига 1 000 АҚШ долларини олган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Шунингдек, Департаментнинг Қонликўл тумани бўлими ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган яна бир тадбирда фуқаро И.Ш. ушланган. У фуқаро А.Қ.нинг ишончига кириб, суд қарори асосида бекор қилинган ҳайдовчилик гувоҳномасини гўёки юқори лавозимдаги танишлари ёрдамида қайта тиклаб беришни ваъда қилган. Бу хизмат учун у 1 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан фош этилган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан ҳам Жиноят кодексининг 25 ва 168-моддалари (фирибгарлик), шунингдек 28 ва 211-моддалари (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилгани, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!