2025 йил 7 октябрь куни Наманган вилоятининг Чуст туманида дахшатли фожеа содир бўлди. Ахча қишлоғида яшовчи эркак ўз турмуш ўртоғини жуда шафқатсиз тарзда ўлдиргани маълум қилинди. Ҳодиса натижасида 5 ва 6 ёшли икки бола онасиз қолди.
Маълумотларга кўра, ўша куни соат 10:00 да суд қарорига мувофиқ Мажбурий ижро бюроси ва тегишли бешта идора вакиллари аёл — Б.М.ни болалари билан уйга киритиш жараёнини амалга оширган. Ташриф якунлангач, ташкилот вакиллари уйдан чиққан.
Бир неча дақиқа ўтгач, уйда фақат аёл ва унинг турмуш ўртоғи — Р. қолган. Шу пайтда улар орасида оғир жанжал келиб чиққан. Эркак фарзандлари кўз ўнгида хотинини аввал қўл билан урган, кейин эса бўғиб ўлдирган. Қотил содир этган қилмишидан кейин тез ёрдам хизматига қўнғироқ қилган.
Маълум бўлишича, бу воқеадан бир неча кун олдин — 2 октябрь куни ҳам аёлни уйга киритиш белгиланган эди. Бироқ ўша куни уй эгалари бўлмагани учун эшиклар қулфланган ва иш амалга оширилмаган. Шунга қарамай, марҳумада калит бўлгани сабабли у уйга кирган, аммо масъуллар унинг ёлғизлигини инобатга олиб, ишни кейинга қолдиришни таклиф этган. Аёл эса “менда бошқа боришга жой йўқ” деб, уйга киришдан воз кечмаган.
Аввалроқ, у турмуш ўртоғи томонидан тан жароҳати олгани ҳақида 102 рақами орқали ички ишлар органларига мурожаат қилгани ҳам маълум бўлган.
Ҳозирда мазкур воқеа бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!