date

Онлайн декларация: йўловчилар учун янги божхона тизими ишга тушди

Онлайн декларация: йўловчилар учун янги божхона тизими ишга тушди

Ўзбекистон Божхона қўмитаси йўловчилар учун қулайлик яратиш мақсадида янги электрон хизматни йўлга қўйди. Энди йўловчи божхона декларациясини қоғозда эмас, смартфон орқали онлайн тарзда тўлдириш мумкин бўлади, деб хабар берди Божхона қўмитаси матбуот хизмати.

Буни амалга ошириш учун махсус “Yo‘lovchi deklaratsiyasi” номли мобил илова ишлаб чиқилди. Иловадан Android (Play Market) ва iOS (App Store) тизимларида фойдаланиш мумкин.

Фойдаланувчи паспорт маълумотларини иловага киритганидан сўнг, декларациянинг айрим бўлимлари автоматик равишда тўлдирилади. Шунингдек, йўловчи кириб келаётган ёки чиқиб кетаётган давлат ҳақида, олиб ўтаётган пул, қимматбаҳо буюмлар ва бошқа товарлар тўғрисидаги маълумотларни ҳам илова орқали кирита олади.

Яна бир қулай жиҳати – SIM-картали қурилмаларнинг 15 рақамли IMEI-кодини қўлда териб ёзиш шарт эмас. Бу жараённи илова орқали шунчаки сканерлаш етарли бўлади.

Ҳозирча тизим “Тошкент” халқаро аэропортида синов тариқасида ишга туширилган. 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб эса электрон декларация барча чегара ўтказиш пунктларида тўлиқ ишга тушиши режалаштирилган.

Божхона қўмитаси маълумотига кўра, яқин вақтда чегара постларига инфокиосклар ўрнатилиб, улар орқали ҳам электрон декларация юбориш имкони яратилади. Шунингдек, фойдаланувчилар учун бепул Wi-Fi ҳудудлари ташкил этилади.

Ташкилот таъкидлашича, декларацияни онлайн тўлдириш қоғоз шаклида тўлдириладиган ҳужжатларда учраши мумкин бўлган хатоликлар ва кечикишларни олдини олади.

Маълумот учун, йўловчи декларациясининг мобил иловаси Ўзбекистон президентининг 2025 йил 25 мартдаги 57-сонли фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, унинг асосий мақсади – чегаралардаги инсон оқимини тезлаштириш ва бюрократик тўсиқларни қисқартиришдир.

Эндиликда ҳар бир фуқаро чегарадан ўтишдан олдин декларацияни илова орқали тўлдириб, вақт ва нервларини тежаши мумкин бўлади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Онлайн декларация: йўловчилар учун янги божхона тизими ишга тушди