date

Қаршидаги тунги пойга шов-шувга сабаб бўлди

Қаршидаги тунги пойга шов-шувга сабаб бўлди

Қашқадарё вилоятида мотоцикл ҳайдаган қиз ва Gentra ҳайдовчиси тунги пайтда шаҳар кўчалари бўйлаб тезлик пойгаси уюштиргани учун маъмурий жазога тортилди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Қарши марказий кўчасида мотоцикл ҳайдовчиси ва автомобиль ҳайдовчисининг тезлик бўйича мусобақалашаётгани акс этган. Вилоят ИИБ ЙҲХБ маълумотларига кўра, воқеа жорий йилнинг 13 октябрь куни соат 01:00 атрофида содир бўлган.

Тергов жараёнида аниқланишича, мотоциклни Андижон вилоятида яшовчи ва ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган қиз бошқарган. У ижтимоий тармоқларда эътибор қозониш мақсадида пойга уюштиришга қарор қилган ва Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи Gentra ҳайдовчиси билан келишган.

Иккала ҳайдовчи ҳам йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузган, пиёдалар ҳамда бошқа транспорт воситалари ҳаракатига тўсқинлик қилган ва атрофдагилар ҳаётини хавф остига қўйган.

Суд қарорига кўра, қиз МЖтКнинг 128-10-моддаси (йўл безорилиги), 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ИИО ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) бўйича айбдор деб топилди. Унга уч сутка маъмурий қамоқ ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари — 10,3 миллион сўм жарима жазоси тайинланди.

Gentra ҳайдовчиси эса бир йил муддатга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинди, беш суткага қамалди ва худди шундай — БҲМнинг 25 баравари миқдорида жарима тўлайди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қаршидаги тунги пойга шов-шувга сабаб бўлди