Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда сўзлаган нутқида “Нуроний” жамғармасининг фаолиятини янада такомиллаштириш ҳақида гапирган эди.
29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг фаолиятини янада такомиллаштириш, шунингдек кекса ёшдаги фуқароларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими самарадорлигини янада ошириш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўла ҳуқуқли иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, катта авлоднинг жамият, оилалар ва маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, шунингдек ёш авлодни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш ишидаги ролини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси таъсис мажлисининг Жамғарма номини Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамоат бирлашмаси шаклидаги “Нуроний” жамғармаси (кейинги ўринларда “Нуроний” жамғармаси деб аталади) этиб ўзгартириш ва унга қуйидаги асосий вазифаларни ҳал этишни юклаш ҳақидаги ташаббуси маъқуллансин:
фахрийларнинг Ўзбекистонни янгилаш ва ривожлантиришнинг маънавий-ахлоқий негизларини мустаҳкамлашда мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, оқсоқоллар, кекса ёшдагилар ва ногиронларни ёшларни Ватанга муҳаббат, кекса авлод кишиларини ҳурмат қилиш, эзгулик ва раҳмдиллик сингари халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашга йўналтирилган ижтимоий фаолиятга жалб этиш;
кексаларнинг ҳаёти даражасини ошириш, пенсияга чиққандан кейин уларнинг юқори ижтимоий фаоллигини, шу жумладан уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иштирокини ва давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги иштирокини қўллаб-қувватлаш;
кексалар учун назарда тутилган пенсиялар ва имтиёзлар бўйича қонун ҳужжатлари қоидалари ижроси устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш, ушбу масалада давлат бошқаруви органларига ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига кўмаклашиш, эҳтиёжманд кексаларни ва аҳолининг бошқа қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва тиббий ёрдам билан таъминлаш, ушбу мақсадларда ишлаб чиқариш, тижорат, ноширлик, хайрия тадбирларини ва бошқа тадбирларни амалга ошириш;
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда оилаларда тинчлик ва хотиржамликни таъминлаш, ёлғиз кишилар ва эҳтиёжманд кексаларни ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш, шунингдек уларнинг биринчи навбатдаги эҳтиёжлари қондирилишида ҳар томонлама ёрдам бериш;
кексалар учун уларнинг ёшини ҳисобга олган ҳолда ҳар хил ижтимоий-маданий тадбирлар, телемарафонлар, махсус спорт мусобақалари, кекса ёзувчилар, артистлар, хонандалар, рассомларни ва ижодий зиёлиларнинг бошқа вакилларини таклиф этган ҳолда ижодий кечалар ташкил этиш.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг марказий аппарати тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бўлимлари тузилмаси 2-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг туманлар (шаҳарлар)даги бўлимлари тузилмаси 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги замонавий талабларни ва Жамғармага юкланган янги вазифаларни ҳисобга олган ҳолда “Нуроний” жамғармасининг янги таҳрирдаги уставини тайёрлаш ва давлат рўйхатидан ўтказишда Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармасига кўмаклашсин.
3. 2017 йил 1 январдан бошлаб “Нуроний” жамғармасининг барча ходимлари – пенсионерларга пенсиялар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан 100 фоиз миқдорда тўланган ҳолда “Нуроний” жамғармаси марказий аппарати ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар (шаҳарлар) бўлимларининг штатдаги ходимларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан таъминлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби жорий қилинсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари 2017 йил 1 сентябргача ҳар бир туман ва шаҳарда, қоидага кўра маданият ва дам олиш истироҳат боғлари ҳудудида “Нуронийлар маскани” мажмуалари фаолият кўрсатишини, уларда “Нуроний” жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги, туманлардаги (шаҳарлардаги) бўлимларини жойлаштириш учун хоналар ажратилиши ёки қурилишини таъминласинлар.
Мажмуаларни қуришда бой китоб фондига эга бўлган китобхонлар заллари, шахмат, шашка ўйнаш учун дам олиш хоналари, кексалар учун махсус тренажерлар билан жиҳозланган даволаш-жисмоний тарбия заллари, шунингдек ошхона ва тиббий хона ташкил этилиши, уларни зарур мебель, компьютер техникаси ва алоқа воситалари билан жиҳозлаш назарда тутилсин.
Қонун ҳужжатларига мувофиқ “Нуроний” жамғармаси ва унинг бўлимлари солиқлар ва давлатнинг мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўловчилар ҳисобланмаслиги маълумот учун қабул қилинсин.
5. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгашининг меҳнаткашларни соғломлаштиришга йўналтирадиган маблағларининг 30 фоизгачасини пенсионерларни, биринчи навбатда 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ўз тизимидаги санаторийларда соғломлаштиришга (шу жумладан, дори воситалари олиш учун) ҳар йили йўналтириш, шунингдек меҳнаткашларга уларга ажратилган йўлланмаларини ўзларининг ота-оналарини соғломлаштиришга юбориш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги ташаббуси қўллаб-қувватлансин.
6. Иқтисодиёт ва ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, юриспруденция ва бошқа соҳалардаги узоқ йиллик ҳалол меҳнатлари учун меҳнаткашларга, шунингдек ишламайдиган, жамиятда мустаҳкам оилани сақлаб қолган, фарзандларини катталарга ва кичик авлодга ҳурмат, жамият олдидаги масъулият, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаб ҳурмат қозонган оналарга тақдим этиладиган “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони (I, II, III даражали) таъсис этилсин.
Кўкрак нишони билан тақдирлаш ва уни топшириш давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, таклифи билан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.
“Нуроний” жамғармаси Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги билан биргаликда ҳар бир туманда “Меҳнат фахрийси” нишони билан тақдирланган шахслар тўғрисидаги қисқача биографик маълумотномалар акс эттириладиган “Бизнинг фахрийларимиз” китоб-фотоальбомини юритиш ва унинг ҳар йили янгилаб борилишини таъминласин.
Туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари “Меҳнат фахрийси” нишони билан тақдирланган шахслар яшайдиган хонадонлар ва уй-жойлар эшикларида “Бу ерда I, II, III даражали “Меҳнат фахрийси” нишони билан тақдирланган фуқаро (Ф.И.О.) истиқомат қилади” ёзуви бўлган белги ўрнатилишини таъминласинлар.
7. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси бир ой муддатда “Маҳалла” телеканалида ёши катталарга бағишланган ва ҳар куни намойиш қилинадиган “Кексалар даврасида” доимий рубрикасини ташкил этсин, шунингдек “Маҳалла” телеканалида ҳар ойда “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” телекўрсатувининг биттадан янги сериясини тайёрласин ва намойиш этсин.
8. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги:
“Нуроний” жамғармасининг нашриёт бўлими фаолиятини ташкил этишга кўмаклашсин ҳамда ҳар ҳафталик “Нуроний” газетаси ва ҳар ойда бир чиқадиган “Кексалик гашти” журналининг имтиёзли асосда нашр этилишини таъминласин;
“Нуроний” жамғармасининг буюртманомасига биноан “Нуроний” жамғармасининг ҳар бир бўлимини республикада нашр этиладиган камида 10 номдаги газета ва журналлар билан, шунингдек “Нуронийлар маскани” комплекслари ўқув залларининг китоблар билан мунтазам равишда тўлдириб борилишини таъминласин.
9. Жамғармани қўллаб-қувватлаш ва унинг фаолиятини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, бошқа ташкилотлар ва фуқароларнинг кекса авлод олдидаги фуқаролик бурчи ҳисоблансин.
10. Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, акциядорлик компаниялари, уюшмалар ва бошқа хўжалик бирлашмалари, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари зиммасига пенсияга чиқадиган ходимларга доимий ғамхўрлик ва эътибор кўрсатишни, уларга зарур моддий ва ижтимоий кўмак бериш, меҳнат жамоасининг жамият ҳаётида фаол қатнашишини, шунингдек ҳар йили пенсионерлардан, айниқса, якка-ёлғизлардан хабар олиш, туғилган кунларида ва байрамларда уларга эсдалик совғалар беришни, уларнинг уй-жой, маиший муаммоларини ҳал этишда кўмаклашишни, санатория-курортда соғломлаштириш ва даволашни ташкил этишни, шунингдек муқаддас жойларга ва зиёратгоҳларга экскурсиялар ташкиллаштиришни ва бошқа ижтимоий аҳамиятли тадбирларни амалга оширишни таъминлаш юзасидан шахсий масъулият юклансин.
Пенсионерлар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг ҳаётий муҳим муаммоларини муҳокама қилиш ва ҳал этишга ёрдам бериш мақсадида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, корхона ва ташкилотлар раҳбарларига пенсияга чиққан ходимларини раҳбарият томонидан қабул қилиш жадвалларини ҳар ойда тасдиқлаш юклансин.
11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари томонидан ҳар йил икки марта “Маҳалла” хайрия фонди, бошқа давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини жалб этган ҳолда “Нуроний” жамғармаси бўлимлари раҳбарлари, уларнинг фаоллари иштирокида кексаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёшларни тарбиялаш, маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, шунингдек “Нуроний” жамғармаси бўлимлари фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқиш бўйича келгусидаги қўшма чора-тадбирларни муҳокама қилишни ўтказиш амалиётга киритилсин.
12. Республика “Маҳалла” хайрия фонди раҳбариятининг:
жамоатчилик асосида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида (овуллар, қишлоқлар, маҳаллалар) фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари – кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчи лавозимини жорий қилиш;
“Маҳалла” хайрия фондига Наврўз ва Мустақиллик умумхалқ байрамларига бағишлаб ўтказиладиган ҳашарлардан тушадиган маблағларнинг 10 фоизини ҳар йили “Нуроний” жамғармасига ўтказиш тўғрисидаги ташаббуси қўллаб-қувватлансин.
13. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
2017 йилда Вазирлар Маҳкамасининг захира фондидан “Нуроний” жамғармаси марказий аппарати, унинг бўлинмалари ва нашриёт бўлими моддий-техника базасини мустаҳкамлашга 1,5 миллиард сўм ажратсин;
2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида ушбу Фармонда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун зарур бўлган маблағларни назарда тутсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу Фармонда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш ва “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони тўғрисидаги низомни тасдиқлаш бўйича бир ой муддатда чора-тадбирлар кўрсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Молия вазирлиги, “Нуроний” жамғармаси ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва ташкилотлар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган қўшимча ва ўзгартиришлар бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси тўғрисида” 1996 йил 4 декабрдаги ПФ-1655-сон Фармони ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
17. Мазкур Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти
Ш.Мирзиёев
Тошкент шаҳри,
2016 йил 28 декабрь “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Жосеп Боррел: “Халқаро жиноят судининг Нетаньяхуни ҳибсга олиш бўйича қарори ижро этилиши шарт”
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
Путин Украинадаги объектга баллистик ракета зарбаси берилганини эълон қилди