10:42 / 13.01.2017
4 927

NI Америка нима учун "дунёни бошқариш"га уринаётганини изоҳлади

NI Америка нима учун "дунёни бошқариш"га уринаётганини изоҳлади

АҚШ янги маъмуриятининг ташқи сиёсатдаги ташаббуслари Америка юқори доираларининг кескин қаршилигига дуч келади, деб тахмин қилиш мумкин. Чунки, Америка элитаси, Штатлар замонавий дунёнинг ягона "куч маркази" бўлиб қолиши зарур, деб ҳисоблайди. Шу боисдан ҳам, Оқ уйнинг бўлғуси раҳбари ва янги давлат котиби биринчи навбатда ўз дипломатлари ва маслаҳатчилари билан курашишига тўғри келади. The National Interest журнали таҳлилчилари Аарон Дэвид Миллер ва Ричард Сокольски шундай фикрни илгари суришмоқда.

"Жаҳон полициячиси" вазифаси Американи ҳолдан тойдирди ва америкаликларнинг ўзини ҳам чарчатди, деб ҳисоблайди мақола муаллифлари. Янги маъмурият вакиллари буни жуда ҳам яхши англаб туришибди. Бироқ, "халқ танлови" ички сиёсат фойдасига мувозанатни ўзгартиришга кифоя қилмайди. Миллер ва Сокольскининг фикрича, сиёсий элита, хусусан, аввалдан дипломатлик билан шуғулланиб келувчилар устувор вазифаларнинг ўзгаришига осонлик билан рози бўлмайди.

АҚШ сиёсий элитаси вакилларининг бир нарсага ишончлари комил: бир жойда туриб қолмаслик, аксинча нимадир қилиш лозим. Муаллифларга кўра, бундай "серҳаракат бўлиш истаги" кўп ҳолларда фожиали оқибатларга олиб келмоқда.

"Американинг ҳамма ердаги муаммоларни, улар қаерда пайдо бўлмасин, ҳал этишга уриниши таҳсинга сазовор, баъзан АҚШнинг аралашуви вазиятни яхши томонга ҳам ўзгартиради. Бироқ, сўнгги вақтларда Вашингтоннинг ортиқча фаоллиги ҳалокатли оқибатларга олиб келмоқда. Бу биринчи галда Яқин Шарқ минтақасига тегишли", — деб ёзади шарҳловчилар.

Мақолада ёзилишича, бундай "гиперфаоллик"нинг бош сабаби америкалик сиёсатчиларнинг, Қўшма Штатлар "ҳар ерда ёвузликларни топиб, уларни мағлуб этиши учун" етарли даражада кучли эканига ишонишларидир. Аммо, Афғонистон ва Ироқдаги тажриба шуни кўрсатдики, АҚШ салоҳияти анчагина чекланган экан.

Бундан ташқари, америкаликлар, шунчаки, уларнинг дунёқараши "энг тўғриси" деб ўйлашади. Муаллифларга кўра, Америка Миср раҳбариятига "инсон ҳуқуқларидан ваъз ўқиши" ёки Исроилдан Фаластинни тан олишини сўраши керак эмас. Россияга нисбатан айбловлар ҳам Вашингтоннинг дунёни ўз қаричи билан ўлчашини исботлайди.

Ўзига хослик афсонаси Американинг "етакчиликка интилиши" билан бирга, АҚШни сайёранинг энг узоқ ҳудудларига ҳам, гарчи у ерда ҳеч ким ёрдам сўрамаган бўлса-да, боришга мажбур қилмоқда. Бироқ, Вашингтоннинг Сурия инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш жараёнидан аста-секинлик билан чиқариб юборилиши ва Яқин Шарқ ҳамда Осиёда таъсирини йўқотиши жаҳонда Америка етакчилигига "талаб" пасайиб бораётганини кўрсатади.

Шунга кўра, Миллер ва Сокольски Американинг янги маъмуриятини "ҳокимият соҳибларининг такаббурлиги"дан сақланишга чақирган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » NI Америка нима учун "дунёни бошқариш"га уринаётганини изоҳлади