
Бош прокуратура томонидан олиб борилган кенг қамровли текширувлар натижасида Давлат хизматлари маркази тизимида фаолият юритган йирик жиноий гуруҳ фош этилди. Маълум бўлишича, мазкур гуруҳ ноқонуний равишда ҳайдовчилик гувоҳномаларини расмийлаштириш билан шуғулланиб келган.
Текширув давомида аниқланишича, Давлат хизматлари маркази бош мутахассиси ўзининг жиноий шериклари билан тил бириктирган ҳолда 2025 йил давомида аввал ҳеч қачон ҳайдовчилик гувоҳномаси олмаган 72 нафар фуқародан жами 616 миллион сўм пора олган. Эвазига эса уларга қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномалари тайёрлаб берилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, жиноий гуруҳ аъзолари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг пора олиш, пора бериш ҳамда қалбаки ҳужжатлар тайёрлаш билан боғлиқ моддалари асосида айбланди. Ҳозирда уларнинг барчасига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Шу билан бирга, ноқонуний тарзда ҳайдовчилик гувоҳномасини қўлга киритган фуқароларнинг ўзига нисбатан ҳам жиноий жавобгарлик масаласи кўриб чиқилмоқда. Аниқланган барча сохта гувоҳномалар расман бекор қилинган.
Бош прокуратура маълум қилишича, вилоятлар кесимида ўтказилган қўшимча текширувлар давомида жами 1200 дан ортиқ қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномалари аниқланган. Хусусан, Тошкент шаҳрида 440 та, Навоий вилоятида 265 та, Сурхондарё вилоятида 205 та, Самарқанд вилоятида 146 та, Қашқадарё вилоятида 33 та, Сирдарё вилоятида 20 та ҳамда бошқа ҳудудларда 100 дан зиёд сохта ҳужжатлар фош этилган.
Мутасаддилар бундай ҳолатлар йўл ҳаракати хавфсизлигига жиддий таҳдид солишини таъкидлаб, фуқароларни қонунга риоя қилишга ва ноқонуний йўллар орқали ҳужжат расмийлаштирмасликка чақирмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.