
Тошкент вилоятидаги дам олиш масканларига олиб борувчи автомобил йўлида бир томонлама ҳаракат ташкил этилди, деб хабар берди Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати.
Қайд қилинишича, бу чора байрам кунларида Бўстонлиқ туманининг тоғли ҳудудларига саёҳат қилувчи фуқаролар сони ошиши, курорт зоналарида жамоат тартибини сақлаш, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда йўл-транспорт ҳодисалари ва тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида жорий этилган.
«Шундан келиб чиқиб, туманнинг тоғли ҳудудларидаги Амирсой, Чимён, Билдирсой каби дам олиш масканларига олиб борувчи автомобил йўлида транспорт воситаларининг ҳаракати бир томонлама ташкил этилди», дейилади хабарда.
Таъкидланишича, 4Р6 Тошкент—Чирчиқ—Чимён автомобил йўлининг 57-километридан 92-километригача — 4Р10 автомобил йўли билан туташ жойига қадар, ҳаракат бир томонлама этиб белгиланган.
Шу тариқа, дам олиш масканларига олиб борувчи йўлларда ташкил этилган бир томонлама ҳаракат тадбирлари, янги йил ва байрам кунлари ҳамда ёзги мавсумларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, фуқароларга хавфсиз саёҳат қилиш имконини яратади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.