Андижонда 13 нафар ўсмирнинг Сурияга кетишининг олди олинди

Андижон вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида террорчилик ғоялари таъсирига тушган бир гуруҳ ёшларнинг хорижга чиқиб кетишига чек қўйилди.
Вилоят ИИБ матбуот хизмати маълум қилишича, Шаҳрихон туманида яшовчи 17 ёшли ўсмир ижтимоий тармоқлар орқали экстремистик мазмундаги маърузаларни тинглаб, Сурияда фаолият юритувчи «Аҳли сунна ва ал жамоа» номли террористик ташкилот таъсирига тушиб қолган.
Маълум бўлишича, ташкилот тарғиботчилари у билан доимий алоқада бўлиб, турли кўрсатмалар бериб келган. Жумладан, у Instagram тармоғида «Ал-ғариб» номи билан саҳифа очиб, экстремистик видео ва аудио материалларни тарқатган.
Шу орқали у Улуғнор ва Шаҳрихон туманларида яшовчи 16–19 ёшли 13 нафар ёшдан иборат «Аҳийлар» номли виртуал гуруҳни тузган. Гуруҳ аъзолари орасида жиҳод, ҳижрат ва халқаро террорчилик ташкилотларининг чақириқлари муҳокама қилинган ҳамда Сурияга чиқиб кетиш режалаштирилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан кўрилган чоралар натижасида мазкур гуруҳ фаолияти тўхтатилиб, 13 нафар ёшнинг хорижга чиқиб кетиши олди олинди.
Ҳолат юзасидан жамоат аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 244¹-моддаси 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!